1

Содиқ Сафоев: Тошкент конференцияси овозини бутун дунё эшитади

СИЁСАТ 26.03.2018, 16:37
Содиқ Сафоев: Тошкент конференцияси овозини бутун дунё эшитади

Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот марказида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди, деб ёзади ЎзА.

- Афғонистон – турли минтақалар туташган муҳим нуқтада жойлашган, - деди С.Сафоев. - Бу мамлакат Европа ва Осиё, жумладан Марказиё Осиё ўзаро фаол муносабатлар ўрнатадиган муҳим кўприк вазифани бажариши мумкин. Аммо бу заминда давом этиб келаётган нотинчлик бунга имкон бермаётир. Аксинча, бу мамлакат фақат нотинч эмас, балки халқаро терроризмни молиялаштираётган наркотик моддалар етиштирувчи ва ишлаб чиқарувчи ҳудуд бўлиб қолмоқда. Нафақат наркотик моддалар савдосидан, балки халқаро терроризм давом этишидан манфаатдор кучлар айнан шу жабҳани молиялаштириб келаётгани сир эмас.

Тошкент конференциясида бу муаммога, албатта, эътибор қаратилади. Муаммонинг нафақат сабаблари, балки уни бартараф этиш чоралари бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланади. Ўзбекистон наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш бўйича Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга доим тайёр. Чунки бу глобал миқёс касб этган муаммони афғон халқи ўзи ёлғиз ҳал этиши қийин. Наркотик моддалар етиштирилишига барҳам берилиши эса халқаро терроризм илдизларига ҳам путур етказади.

Айни пайтда эса бу мамлакатда сақланиб турган хавфли ҳолат нафақат афғон халқини, балки унга қўшни халқаларни ҳам хавотирга қўймоқда.

Тошкент конференциясида Афғонистондаги бақарорликка сабаб бўлаётган мана шундай муаммолар кўтарилади ва бунга жаҳон жамоатчилиги эътибори қаратилади. Ишончим комилки, хайрли мақсадга хизмат қилувчи Тошкент конференцияси овозини бутун дунё эшитади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1