АсосийJamiyat

21 ёшли қиз суд ёрдамида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлди

'21 ёшли қиз суд ёрдамида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлди'ning rasmi

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинида онаси билан истиқомат қилиб келаётган 21 ёшли қиз суд ёрдамида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлди.

Ситора Ғафуржонова ҳужжатсиз ишга кира олмагани учун бу масалани ҳал қилишга унинг ўзи киришган. Бу борада у туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимига мурожаат қилган. Бу ерда мурожаати рад этилгач у Учқўрғон тумани маъмурий судига шикоят аризаси йўллаган.

Маълум бўлишича, Ситора ота-онаси ажрашиб кетгач дунёга келган. ФҲДЁ бўлими унинг аризасини туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани бериш учун етарли ҳужжатлари мавжуд эмаслиги сабабли рад этган.

"Суд жараёнида тарафлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди ҳамда ишга қўшилган ҳужжатларни атрофлича муҳокама қилинди. Аниқлаган ҳолатларга кўра, ФҲДЁ бўлими С.Ғафуржонованинг важларини тўлиқ ўрганмаган. У тақдим қилган ҳужжатлар орасида Фарғона вилояти Қўқон шаҳар туғруқ мажмуаси томонидан Ситоранинг онаси Ш.Ғофиржонова номига берилган маълумотнома мавжуд бўлган. Унда аёлнинг 1997 йил 22 ноябрда қиз фарзанд туққани баён этилган. Ушбу тиббий маълумотнома ФҲДЁ томонидан асоссиз равишда инобатга олмаган", – дейди Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.

ЎзА хабарига кўра, ушбу сабабларга асосан суд С.Ғофуржонованинг шикоят аризасини қаноатлантирди. ФҲДЁ бўлими зиммасига Ситорага туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёзиб бериш мажбурияти юкланди. Бу ҳужжатни олгач у паспорт олиши мумкин бўлади.

    Бошқа янгиликлар