Перу полицияси томонидан олиб борилган тезкор операция натижасида сохта пуллар фаолиятига чек қўйилди. Аниқланган сохта пулларнинг умумий қиймати эса 15 миллион долларга тенг.
Мамлакат пойтахти Лимада бир ойдан ортиқ олиб борилган тергов суриштирув натижаларига кўра, уйлардан бирида сохта пуллар ясаётган шахс қўлга олинди. Мазкур хонадонда Америка доллари ва Боливия пессолари ясалган.
Маълумотларга қараганда, долларлар замонавий принтер ёрдамида кўпайтирилган. Сохта пуллар Лотин Америкаси давлатлари ҳамда Европанинг бир қатор мамлакатлари учун мўлжалланган. Бу ҳақда мазкур ҳолат юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида хабар берилди.
“Қўлга олинган сохта пуллар асосан Америка доллари ва Боливия пессосидир. Биз бу жараённи ҳали тўлиқ ўрганганимиз йўқ. Шуни айтишим мумкинки, мазкур жиноят ортида кўплаб одамлар турибди. Биз ҳали уларни аниқлаб улгурганимиз йўқ. Бу жиноий гуруҳ халқаро ташкилотлар билан яқин алоқада бўлган”, деб маълумот берди полиция ходими .
Хабарларга кўра, қалбаки пулларнинг айрим қисми аллақачон мамлакат ташқарисига чиқиб кетган. Ҳозирда сохта валюталарни аниқлаш ва муомаладан чиқариш учун барча чоралар кўрилмоқда. Қўлга олинган жиноятчининг шахси ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинмаган.






