Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳамда Қурбон ҳайити байрамини муносиб нишонлаш мақсадида ташкил этилган ушбу умухалқ хайрия ҳашарида барча ҳамюртларимиз фаол қатнашмоқда.
Эрта тонгданоқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан бошланди.
Ҳашар кунлари маҳаллалардаги 37 минг гектарга яқин майдонни ободонлаштириш, 24 минг километрдан зиёд узунликдаги ариқ ва лотокларни тозалаш, 8 мингдан ортиқ қабристон ҳамда 760 тадан зиёд зиёратгоҳ ва қадамжоларни ободонлаштириб, тартибга келтириш, 10 миллионтага яқин дарахтларни оқлаш, буташ, маиший чиқиндиларни махсус жойларга ташиб чиқариш кўзда тутилган.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” акцияси ўтказилиб, 17 мингдан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг 250 минг метр квадратга яқин уй-жойини ҳашар йўли билан таъмирлаш, 20 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга, шундан 11 минг нафардан ортиқ ногирон ва ёлғиз қариянинг, минг нафардан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатиш назарда тутилган.
ЎзА хабарига кўра, тадбирларни амалга ошириш ишларида 17 миллион нафардан зиёд фуқаронинг иштироки режалаштирилмоқда. Шулардан 9 миллионга яқинини ёшлар ташкил этади.






