1997 йили АҚШлик Ричард Норрис ўз жонига қасд қилиш мақсадида ўзига ов милтиғидан ўқ узади. Ўқлар унинг юз қисмининг ярмини йўқ қилиб юборади, бироқ Ричард тирик қолади. Унинг ҳаёти шифокорлар томонидан сақлаб қолинади. Икки йил олдин Ричардга янги “юз”, бошқа жағ, тишлар, лаблар, бурун ва тил кўчириб ўтказилди. Машаққали ва оғир йўлни босиб ўтган Ричард ана шу жарроҳлик амалиётидан сўнг янги ҳаёт бошлади.
Day.Az нашрининг хабар беришича, 39 ёшли Ричард Норрис айни дамда 43 ёшли Мелани Солис билан турмуш қуриш истагида. Маълумотларга кўра, Мелани Солиснинг ўзи Ричардни топган. Униинг бошидан ўтган воқеалар ва мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳақидаги ҳикояни ўқиб чиққан ва Ричарднинг интернетдаги почтасига у билан яқиндан танишиш истагида мактуб ёзган.
“Мен Ричарднинг ташқи кўринишини эмас, унинг ички дунёсини қадрлайман. Уни биринчи бор кўришимдаёқ яхши инсон эканини англаганман” - дейди Мелани интернет нашрларига берган интервьюсида. Айни дамда улар ёрдамга мухтож кишиларга ёрдам бериш истагида турли лойиҳаларни амалга ошириш устида бош қотиришмоқда.