2018 йилнинг 16 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 20:30да Япониянинг Саппоро шаҳридаги (Хоккайдо префектураси) кафелар ва кўчмас мулк агентликлари жойлашган тижорат биносида портлаш юз бергани ҳақида Япония ОАВ хабар тарқатди.
ТИВ хабарига кўра, 17 декабрь тонги ҳолатига кўра 42 кишининг турли даражадаги жароҳатлар олгани ҳақида айтилмоқда.
"Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси консуллик бўлими Хоккайдо префектурасида яшовчи ватандошлар билан боғланган. Жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида маълумот келиб тушмади", - дейилади хабарда.
Портлашдан сўнг катта ёнғин келиб чиққан. Қутқарув гуруҳи атрофдаги одамларни эвакуация қилиб улгурди.
Қаҳвахона ва унга қўшни бўлган бинолар деярли йўқ бўлгани хабар қилинмоқда. Воқеанинг юз бериш сабаблари ҳозирча номаълум.






