АсосийJamiyat

Эркинжон Турдимов тадбиркорларни солиқдан қочмасликка чақирди​

'Эркинжон Турдимов тадбиркорларни солиқдан қочмасликка чақирди​'ning rasmi

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовнинг тадбиркорлар билан учрашувида мамлакатимизда 2019 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган солиқ тизимидаги янгиликлар ва киритилган ўзгаришлар, қўшилган қиймат солиғи жорий этилишининг зарурати ҳақида сўз юритилди.

– Янги солиқ тизимида товар айланмаси 3 миллиард сўмдан ошган корхона 20 фоиз миқдорида солиқ тўлаши белгиланган, – деди вилоят ҳокими. – Лекин бу тадбиркорга айланма маблағини ноқонуний йўл билан бўлса-да, 3 миллиард сўмдан ортиқ қисмини яшириши керак, дегани эмас. Дунёнинг кўплаб давлатларида фойдаланиладиган, лекин биз учун янги бўлган мазкур солиқ тизими ҳозирча 20 фоиз қилиб белгиланди, кейинчалик албатта бу ставкалар босқичма-босқич пасайтирилади. Бунинг учун вилоятимиздаги 23 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти иш ўринларини тўғри кўрсатиб, “конверт” усулида иш ҳақи беришни тўхтатиб, солиқларни ўз вақтида тўлашга ўрганса, барчамиз учун солиқ юки анча енгиллашади.

Тадбирда Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедов 2019 йил учун белгиланган солиқ ставкалари, қўшилган қиймат солиғининг жорий этилиши, ҳисоблаш тартиби ва қайси маҳсулотларга татбиқ этилиши тўғрисида маълумот берди.

Самарқанд вилоят прокурори Ф.Зуфаров кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа субъектларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, улар учун кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилганини таъкидлади. Аммо ана шу имкониятларга қарамай айрим тадбиркорлик субъектлари фаолиятида иш ўринларини яшириш ва солиқлардан қочиш ҳолатлари кузатилганини қайд этди.

Тадбир давомида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.

    Бошқа янгиликлар