АсосийJamiyat

Икки минг доллар эвазига ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган фирибгар қўлга олинди

'Икки минг доллар эвазига ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган фирибгар қўлга олинди'ning rasmi

Ички ишлар органларига Тошкент шаҳрининг Сергели туманида яшовчи 29 ёшли Умида Х. мурожаат қилди. Ўз аризасида Умида унга ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, эвазига 2 000 АҚШ доллари сўраётган “Юсуп” исмли шахсга нисбатан чора кўрилишини сўраган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу ҳолат бўйича ИИВ ЎХБ Тошкент шаҳар бўлими ва пойтахт ИИББ ходимларидан ташкил топган тезкор-тергов гуруҳи суриштирув ишлари ўтказишди. Натижада Умидадан пора талаб қилган шахс – 26 ёшли Қирғизистон Республикасидан келган, фуқаролиги бўлмаган ва Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи Юсупжан Р. эканлиги аниқланди.

Шунингдек, ИИББ ходимларининг аниқлашларича, Юсупжан Р. илгари ҳам судланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.

Олиб борилган тадбирлар натижасида Юсупжан Р. ИИББ ходимлари томонидан ўз автомобилида келишилган маблағнинг бир қисми сифатида 1 300 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича тўпланган маълумотлар Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги Тергов бошқармасига йўналтирилди.

Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 моддаси 1 қисми (“Фирибгарлик”) ва 211 моддаси 1 қисми (“Пора бериш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

    Бошқа янгиликлар