Ҳиндистоннинг Гужарат штати Аҳмадобод шаҳрида 17 январь куни Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ҳиндистон саноат конфедерацияси томонидан мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилди.
Мажлисда Ўзбекистон томонидан Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов, Ҳиндистон томонидан Ҳиндистон саноат конфедерацияси президенти ва “Bharti Enterprises” компаниялар гуруҳи раиси ўринбосари Ражеш Бхарти Миттал, шунингдек, икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, электроэнергетика, қурилиш, кимё ва тўқимачилик саноати, туризм ва меҳмонхона иши каби соҳаларда фаолият юритувчи етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда икки мамлакат компаниялари ўртасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш, ҳинд компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, ҳамкорликда бизнес-форум ва кўргазмалар ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Ишбилармонлар кенгашининг кейинги мажлисини Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу куни Гандинагар шаҳрида “Жўшқин Гужарат” саммити доирасида халқаро савдо кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон, Канада, Франция, Норвегия, Нидерландия, Польша, Япония, Корея Республикаси, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Африка Республикаси, Австралия давлатлари cтендлари намойиш этилмоқда.