Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг 15 май куни Ғазо шаҳрига берган авиазарбалари оқибатида ҲАМАСнинг “Ал-Қассам” ҳарбий қаноти етакчиси Изз ад-Дин ал-Ҳаддад йўқ қилинди. У билан бирга яна етти киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ одам жароҳатланди.
У 2023 йил охирида бошланган урушдаги ҳужумларни режалаштириш ва амалга оширишда иштирок этган энг юқори ҳарбий қўмондонлардан бири сифатида таърифланмоқда.
Исроил ҳарбийларининг билдиришича, у жума куни ўлдирилган ва 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган кенг кўламли ҳужумларни ташкил этишда асосий рол ўйнаган. Ўша ҳужумлар натижасида жанубий Исроилда тахминан 1200 киши ҳалок бўлган, 250 дан ортиқ одам эса гаровга олинган.
ҲАМАС матбуот котиби унинг ўлимини ижтимоий тармоқлар орқали тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, зарба пайтида унинг оила аъзолари ҳам — рафиқаси ва қизи ҳалок бўлган.
Ал-Ҳаддод 1980 йилларда ҲАМАС ташкил топган даврдан бери ҳаракат аъзоси бўлиб келган. У ташкилотнинг ҳарбий тузилмасида, жумладан “Кассам бригадаси” таркибида фаолият юритган ва исроиллик ҳамкорларни аниқлаш ҳамда жазолаш билан шуғулланган бўлинмаларда ишлагани айтилмоқда.
У шунингдек, ҲАМАСнинг юқори ҳарбий кенгаши аъзоси сифатида ҳам танилган. Исроил томони уни “урушни бошқарган асосий қўмондонлардан бири” деб баҳолаган ва унинг ўлдирилиши катта операция сифатида қайд этилган.
Исроил армияси бош штаби ушбу амалиётни муҳим ютуқ деб атаб, мамлакат душманларини топиб йўқ қилиш амалиёти давом эттирилишини билдирган.






