Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан товарларни ноқонуний йўллар билан кириб келиши ва сотилишининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, бўлим ходимлари томонидан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги автотураргоҳларида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.Д. “шартли харидор”га хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 75 дона “Протеин” (одам мушакларини бақувват қилувчи биологик фаол қўшимчалар)ни қарийб 3 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинди.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг хабарига кўра, қонунбузарнинг автомашинаси кўздан кечирилганда, автомашина юкхонасида ҳам яна 30 дона “Протеин” борлиги аниқланди. Жами 105 дона “Протеин”ларнинг умумий қиймати 25,2 миллион сўмни ташкил этди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






