Мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлими томонидан электр энергиясидан фойдаланувчилар хатловдан ўтказилганда, 33 минг 971 нафар истеъмолчининг жами қарздорлиги 7 миллиард 72 миллион сўмдан ортиқ эканлиги аниқланди.
Шаҳар электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахслари томонидан 2016-2017 йиллар давомида эгаси аниқланмаган қарздорликни камайтириб кўрсатиш ва бошқа ғаразли мақсадларда 26 минг 311 нафар истеъмолчи ҳисобига ҳақиқатда истеъмол қилинмаган 5 миллиард 463 миллион 320 сўм миқдордаги электр энергияси асоссиз қўшиб ёзилган.
Ушбу нореал қарздорликларни “Электр ҳисоб” дастурига киритиб, аҳоли қарздорлиги 12 миллиард 535 миллион 653 минг сўм қилиб кўрсатилган. Шундай қилиб, “Электр ҳисоб” дастури ҳамда ойлик ва йиллик ҳисоботларини қалбакилаштирган.
Бундан ташқари, таъминотчи корхона мансабдор шахслари 2016 йил ва 2017 йилнинг биринчи яримида жами 3 минг 371 ҳолатда аҳоли томонидан ҳақиқатда истеъмол қилинган қарийб 1 миллиард 627 миллион сўмлик қарздорликни ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирмасдан, “Электр ҳисоб” дастуридан асоссиз чиқариб юборган.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабарига кўра, Жиззах шаҳар электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларининг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси тегиш моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлигини инобатга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Иш Жиззах шаҳар прокуратурасига юборилди, деб хабар қилинди Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимидан.






