АсосийJamiyat

Андижонда суд раислари сайёр қабул ўтказди​

'Андижонда суд раислари сайёр қабул ўтказди​'ning rasmi

Андижон вилояти Андижон туманида фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят судлари раисларининг сайёр қабули ўтказилди.

Қабул олдидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, суд тизимини ислоҳ қилиш, одил судловга эришиш даражасини, суд иши юритуви сифатини, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда белгиланган муҳим вазифалар, хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида атрофлича сўз юритилди.

– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад суд идоралари томонидан қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, жиноятчилик профилактикаси борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, фуқаролар муаммосини ҳал этишга кўмаклашишдан иборат, – дейди Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Воҳиджон Назаров. – Шунингдек, фуқароларнинг суд идораларига ишончини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган ишлар кўламини янада кенгайтириш кўзда тутилган.

Тадбир доирасида диний-экстремистик оқимлар аъзоси бўлган ҳамда жазони ўташ муассасаларидан озод этилган бир гуруҳ фуқаролар билан мулоқот ўтказилди. Уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Сайёр қабул давомида фуқаролар ўзларини қийнаётган турли масалалар юзасидан фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят судлари раислари қабулида бўлди.

– Ўғрилик жинояти билан икки йил муддатга шартли равишда озодликдан маҳрум этилганман, – дейди Андижон тумани Бешбўйноқ маҳалласида яшовчи А.Арслонов (исм-шарифи ўзгартирилган). – Тўрт нафар фарзандим бор, оиламиз қийинчилик билан ҳаёт кечирмоқда. Мавсумий ишларда ишлаб, оиламни моддий таъминлашга етадиган даражада даромад топа олмаяпман. Бунинг оқибатида уйда турли низолар келиб чиқмоқда. Яқин танишим хорижга, ўзи ишлаётган жойга, маоши юқори бўлган ишга таклиф қилмоқда. Лекин белгиланган жазонинг бир ярим йилини ўтаганим боис, айни пайтда қонунан хорижга чиқолмайман. Қабулда Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раисига жазо муддати қисқартирилишида ёрдам беришини сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим юзасидан зарур тушунча, тавсия ва маслаҳатлар олдим.

– Пенсия ёшига етиб, ўтган йили нафақага чиқиш учун Пенсия жамғармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этганман, – дейди Андижон тумани Нўҳатак маҳалласида яшовчи Қимматхон Рўзиева. – Орадан анча вақт ўтиб, қўшимча ҳужжатлар тақдим этишим сўралди. Қўшимча ҳужжатларни олиб борганимда эса аввалги ҳужжатларимни йўқотишгани ва ҳозир топишолмаётганини айтишди. Бор-кел билан салкам бир йил вақт ўтиб кетди. Лекин ҳалигача пенсияга чиқмадим. Ана шу масала юзасидан фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раисига мурожаат қилдим. Мурожаатим бўйича Пенсия жамғармаси мутахассислари иштирокида менга зарур тушунча ва тавсиялар берилди. Мени қийнаётган муаммо яқин кунлар ичида ҳал этиладиган бўлди.

    Бошқа янгиликлар