Даврон Сапаевнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган ) Хоразм вилоят «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасига раҳбарлиги бир йилга ҳам етмади. Аммо бу вақт мобайнида у давлатнинг 92 миллион сўмдан зиёд маблағини ўзлаштиришга улгурди. Бу ишларда унга ўринбосари, «уддабуррон»ликда кўпларга дарс берадиган, бу борадаги «тажриба»си учун муқаддам икки марта суднинг қора курсисига ўтириб улгурган, ҳар икки ҳолатда ҳам жиноят иши тегишли тартибда тугатилганидан тегишли хулоса чиқара олмаган Умид Ибрагимов яқин кўмакчи бўлди.
Корхона Қўшкўпир туманидаги «Қаттиқ ва маиший чиқиндилар» полигонида қўшимча бино қуриш тўғрисида шартнома тузади. Полигонда 115 миллион сўмликдан зиёд ишлар бажарилади. Аммо иш қиймати «Бажарилган ишлар тўғрисида ҳисоб-фактура маълумотномаси»да 137 миллион сўмдан зиёд қилиб қайд қилинади. Кўп ўтмай, бу ҳужжатга яна аслида қилинмаган ишлар қўшилиб, умумий сумма 208 миллион сўмга етказилади. Оқибатда давлатнинг 92 миллион сўмдан зиёд маблағи растрата қилинади.
Шунча маблағларни осонгина ўзлаштириб кетаман, дея хаёлга борган бу кимсаларнинг қилмишлари фош бўлди, деб ёзади "Ҳуқуқ" газетаси.
Келтирилган зарар қопланди. Суд ҳукми билан Даврон Сапаев икки йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиб, 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Умид Ибрагимов эса энг кам иш ҳақининг 110 баробари миқдорида жарима тўлашига тўғри келди.






