20 нафарга яқин ўсмир икки кун давомида Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида бўлиб, курсантлардек яшади.
Мирзо Улуғбек туманидаги «International House – Ташкент» академик лицейи ҳамда тарбияси оғир ёшлардан иборат жами 20 нафарга яқин ўсмир икки кун давомида Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида бўлиб, курсантлардек яшаб кўрди. Уларга ўзларини бўлажак ҳарбий хизматчидек ҳис қилишлари учун имконият яратиб берилди.
Ёшларда она Ватанга садоқат, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик каби олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларда сарҳадларимиз даҳлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилишини кучайтиришга қаратилган ушбу тадбир ёшлар учун ажойиб акцияга айланди.

Академияга ташриф буюрган йигитлар дастлаб курсантлар ётоқхонасида ўзлари учун алоҳида ажратилган хоналарга кириб, эгнига ҳарбий либосни кийдилар.
Қуролли Кучлар академияси офицерлари ўқувчиларга миллий армиямиз қуч-қудрати, ҳарбий хизматчилар тайёргарлиги, академия тарихи ва бугуни ҳақида қизиқарли маълумотларни етказишди, уларга акалик насиҳатларини беришди.

Кун тартиби бўйича ҳаракат қилган “янги курсантлар” тушликдан сўнг спорт машғулотларига жалб этилди. Улар курсант акалари билан турли спорт мусобақаларида ўзаро куч синашдилар.
Жисмоний машғулотлардан ўқувчилар ётоқхона, ошхона, кутубхона, умуман, ушбу даргоҳда таълим олаётган бўлажак офицерлар ҳаёти билан яқиндан танишди.
Иккинчи куни эса ўқувчилар Академия дала-ўқув майдонидаги амалий машғулотларни кузатиш учун йўл олди. У ерда ҳарбий техника бошқаруви ва жанговар қуролларни қўллаш бўйича машқларни кузатишди.

Икки кун қандай ўтганини билмай қолдик. Курсантлар ҳаёти бизга жуда ёқди. Таълим олиш, мунтазам спорт билан шуғулланиш, ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлиб етишиш учун бу ерда барча шароит муҳайё экан. Ҳақиқий қуролдан ўқ узиш ва белгиланган нишонларни йўқ қилиш жараёнини катта қизиқиш билан кузатдик, деди «International House – Ташкент» академик лицейи ўқувчиси Сардорхўжа Акрамов.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, икки кунлик «курсантча ҳаёт» давомида ўқувчилар ўртасида турли номинациялар бўйича ўтказилган мусобақа ғолибларига диплом, кубок, эсдалик совғалари ва китоблар улашилди.






