Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф истеъфога чиқишини маълум қилди. Вазир бу хақда ўзининг Instagram’даги расмий саҳифасида хабар қолдирган.
“Эрон халқи ва ҳукуматининг охирги 67 ойдаги олижаноблиги учун катта раҳмат. Мен хизматни давом эттира олмаслигим ва фаолиятим давомидаги камчиликлар учун узр сўрайман”, деб ёзган Жавод Зариф.
Бироқ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Муҳаммад Жавод Зарифнинг истеъфосини ҳали қабул қилмаган.
Маълумот учун, у Эрон ташқи ишлар вазирлигига 2013 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади. Шу билан бирга у БМТнинг доимий вакили саналади.






