Жорий йилнинг 12 мартидан 15 мартига қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ер усти станцияларига частота тақдимотларини мувофиқлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Алоқа маъмуриятлари эксперт гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги расмий сайтида хабар қилинган.
Гуруҳ ишида Ўзбекистондан АКТ вазирлиги (Радиочастоталар бўйича республика кенгаши ишчи органи), «ЭМММ» ДУК ва "UNICON.UZ" ДУК мутахассислари, Қозоғистон Республикаси ахборот ва коммуникациялар вазирлигининг «Давлат радиочастота хизмати» Давлат корхонаси мутахассислари иштирок этди.

Учрашув доирасида кун тартиби ҳисобга олинган ҳолда, иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси радиохизматлари томонидан фойдаланилаётган фуқароларга мўлжалланган радиочастоталар тақдимотларининг муайян радиочастота чизиқ (полоса)ларидаги техник асосларини мувофиқлаштириш бўйича аввал тайёрланган Келишувга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан иштирокчилар томонидан музокаралар олиб борилди.

Иштирокчилар томонидан, шунингдек, қуруқликда ҳаракатланувчи ва радиоэшиттириш станцияларини мувофиқлаштириш шартлари бўйича бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Учрашув натижаларига кўра, масалалар ечими учун томонлар амалга ошириши лозим бўлган чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган баённома имзоланди.
Эксперт гуруҳи иштирокчилари республикаларнинг чегара олди ҳудудларида радиочастота тақдимотларини мувофиқлаштириш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида келгусида бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олдилар.






