АсосийJamiyat

​Туризм соҳасида самарали меҳнат қилаётган Феруза Юлдашева “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди

'​Туризм соҳасида самарали меҳнат қилаётган Феруза Юлдашева “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мажлислар залида Президентимиз томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур мукофотга Қўмитада узоқ йиллардан буён ҳалол ва самарали меҳнат қилаётган Феруза Юлдашева муносиб деб топилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденсия ҳамда бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ишламайдиган, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналар тақдирланади.

Тақдирлаш маросимида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ушбу нишон юртимизда фахрийларга бўлган доимий ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси эканлиги, Президентимизнинг бу эътибори фахрийларни юртимиз равнақи йўлида фидойилик кўрсатиб, фаол иштирок этишга ундашини таъкидлади.

- Ушбу мукофот мени жуда руҳлантирди. Мана шундай бахтга муяссар бўлаётганимдан мамнунман, - дейди Феруза Юлдашева. – Бундан буён ҳам бутун куч-ғайратимизни чинакам мураббий сифатида ёшларга ўз ҳаётий тажрибаларимизни ўргатиб борамиз.

- Бундай юксак эътибор, туризм соҳасида фаолият олиб бораётган ҳар биримизни руҳлантириб, юртимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғусини янада юксалтирмоқда. Феруза Юлдашеванинг узоқ йиллик меҳнати ёшларимиз учун ибрат мактабидир, дейди Қўмитанинг Кадрлар масалалари бўйича раҳбари Гулнора Каримова.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром, берилаётган имтиёз ва яратилаётган қулайликлар учун миннатдорлик билдирди.




    Бошқа янгиликлар