АсосийJamiyat

Атом технологиялари ахборот маркази иш фаолиятини бошлади

'Атом технологиялари ахборот маркази иш фаолиятини  бошлади'ning rasmi

Ахборот марказимизнинг бу галги меҳмонлар пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 211 мактабнинг 9 - синф ўқувчилари бўлишди. Уларга атом технологиялари билан боғлиқ бўлган маълумотлар махсус экспонатлар ёрдамида тушунтириб берилди. Айтиш жоиз, ВВЭР – 1200 реакторларига эга АЭС макети – нафақат мактаб ёшидаги болалар, балки катталарда ҳам ҳақиқий атом электр станцияси тасаввурини уйғота олади. Ишланма воситасида ядровий иншоотнинг иш принципи, таркибий қисмлари ва ўзига хосликлари ҳақида билиб олиш мумкин.

“ - Физика ўқитувчиси сифатида айни соха нақадар мураккаблигини яхши биламан. Демак, ҳар бир кишига атом ва у билан боғлиқ технологияларни яхшироқ тушуниш имконини берувчи марказ ўз вақтида ташкил этилди. Болаларда ҳар бир йўналишга ҳақиқий қизиқишни кўрдим. Катта соханинг энг кичик маълумотларини ҳам диққат билан тинглаётганлари бежиз эмас. Чунки реакторлардаги жараёнлар, ядро энергиясининг тиббиётда, қишлоқ хўжалигида қўлланилиши ҳақида маълумот берувчи стендлар киши диққатини бутунлай ўзига қаратади. Биз бу ерга ҳали кўп, бошқа синф ўқувчилари билан ҳам албатта келамиз...“ дейди, 211-мактаб физика фани ўқитувчиси Галина Жестовских.

Муқобил энергия манбаалари, инсон ҳаракати натижасидаги 1 дақиқалик қувват ва худди шу вақт ичида АЭСдан ишлаб чиқариладиган энергия ҳажми бўйича солиштирувлар ҳам болалар учун янгилик бўлди.

Мазкур мактаб ўқувчиси Алихан Арипов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди, - “Биз велосипедда ҳаракатланиб, бир дақиқада олган энергиямизни мобил телефоннинг бор йўғи 60 сония ишлашига сарфлай олар эканмиз. Хонадондаги бошқа электрон воситаларни ишлатиш учун яна қанча ҳаракат керак, тасаввур қиляпсизми? Шу вақтда эса атом электростанциясида 20 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқарилар экан. Солиштириб кўрганда, бу – бир неча юз лампочканинг бирдан ёниши дегани экан. Ҳайратланарли фактларга дуч келяпмиз. Бугун биринчи марта 3D принтерни ўз кўзим билан кўрдим. Айтишларича, унинг ёрдамида самолет, космик аппарат, атом станциялари, протез ва имплантлар тайёрланар экан.”

Бу каби экскурсиялар атом энергетикаси борасидаги янглиш стереотипларга барҳам бермоқда. Сабаби, маълумотлар чуқур таҳлил ва кўплаб мамлакатларнинг тажрибасига асосланиб тайёрланган.

Мазкур мактабнинг яна бир ўқувчиси Аяна Ахмедова жумладан шундай дейди, “Мен авваллари АЭС қурилиши табиатга ҳам, одамларга ҳам зарар келтиради, деб ўйлардим. Чунки ота – онамдан Чернобыль воқеалари ҳақида кўп эшитганман. Агар шундай станция Ўзбекистонда ҳам қурилса, бошқа ерга кўчиб кетаман, дердим ҳазиллашиб. Бугун олган маълумотлардан яхши тушуниб олдим – Атом станциясининг табиатга зарари йўқ экан. Аксинча, иқлим ўзгаришлари, масалан, глобал исишнинг олди олинади”.

“Атом горизонтлари” ҳамда “Атом жумбоқлари” туркумидаги интерактив фильм ўқувчиларни ядро энергетикаси оламига чуқурроқ олиб кирди дейиш мумкин. Фильмда келтирилган фактлар асосидаги викторина эса, янги билимларни ўзлаштиришда қўл келди. Касб танлови арафасида турган ўспиринларга Тошкентда очилиши кутилаётган Москва муҳандислик – физика институти филиали ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди.

“ - Болалигимдан физик бўлишни орзу қилардим. Бугун танловим тўғри эканлигига амин бўлдим. Чунки жуда кўп янги жиҳатларни ўрганиб, атом билан боғлиқ баъзи афсоналар тўқима эканлигини тушундим. Асосийси, тинчлик йўлидаги атом энергетикаси инсоннинг зарурий эҳтиёжларини таъминловчи муҳим соҳалигига яна бир бор амин бўлдим. Келажакдаги таълим билан боғлиқ режам аниқ – Тошкентда иш бошлайдиган Москва муҳандислик – физика институти филиалида таҳсил олмоқчиман”, дейди яна бир мактаб ўқувчиси Ержан Султанбаев.

Қайд этиш лозим, мазкур олийгоҳга қабул шу йилдан бошланади. Таълим грант асосида ташкил этилади. Институт битирувчилари “Ўзатом” агентлигининг таркибий бўлинмаларида иш билан таъминлаш кафолатланади.

Институт ҳамда қабул жараёнлари ҳақида батафсил маълумотни https://mephi.uz электрон манзили ёки https://t.me/uzmephi Telegram каналидан олишингиз мумкин.

    Бошқа янгиликлар