1 июнь куни Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғига кўра, Мудофаа вазирлиги спорт клубининг бир гуруҳ спортчи ва мураббийлари мусобақаларда эришган муваффақиятлари сабаб қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Жорий йилнинг апрель ойи армия спортчилари учун “ҳосилга мўл бўлди”: улар 4 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритдилар. Дохада ўтказилган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида лейтенант Н.Дусанова баландликка сакраш бўйича ҳамда Р.Қурбонов уч ҳатлаб сакрашда олтин медалларни қўлга киритган бўлсалар, С.Ходжаев бронза медалига эга чиқди.
Бангкокда бокс бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида эса Н.Мираҳмедов (ТҲО, 49 кг) ҳамда М.Мирзахалилов (ШҲО, 56 кг.) олтин медалларга сазовор бўлган бўлса, Ш.Рахимов (60 кг) ва Ё.Мирзаева (57 кг) бронза медалларини қўлга киритган эди.
Нинбо (Хитой)да ўтказилган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида 102 килограммгача бўлган вазн тофасида Суннатилло Усаров, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Г.Матниёзова эса Фужейрада ўтказилган Осиё ва Океания чемпионатида кумуш медалларини қўлга киритганлар.
Олмаотада ўтказилган халқаро марафонда шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар М.Хмелевская кумушга, Т.Кучкарова бронза медалига сазовор бўлган. С.Хамидова эса Душанбеда ўтказилган халқаро ярим марафонда бронзани қўлга киритган.
Ушбу муваффақиятларга эришиш йўлида уларнинг устозлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббийлар Уйғун Сиддиқов, Виталий Ан, Анвар Кучмурадовларнинг ҳиссаси катта.
Армия спортчилари ҳамда уларнинг мураббийларини шарафлашга бағишланган тадбирда Мудофаа вазирлиги марказий аппарати вакиллари полковник Хасан Халилов ва подполковник Азиз Хайдаров иштирок этди.
– Совға олиш жуда ёқимли, ахир биз спортчилар учун ҳарбий идоранинг эришган ютуқларимизга эътибори жуда муҳим ҳисобланади, – дейди штангачи Сунатулло Усаров.
– Бирданига учта армия боксчиси минтақанинг энг кучлилари қаторига киргани қувонарли ҳол, – дейди боксчилар мураббийи Уйғун Сиддиқов. – Вазирлик раҳбариятининг эътиборга жавобан армия спортини янада юқорига кўтаришга, Ўзбекистон шаънини халқаро спорт майдонларига муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати






