Жиноий шериклар ўзларининг қабиҳ ишларини Тошкент шаҳридаги “Олой” бозори қаршисидаги йўлдан бошлаган эди.
2014 йилнинг апрель ойида бозор олдидаги кўчада такси тўхтатган икки нафар кишининг олдига “Ласетти” автомашинаси келиб тўхтайди. Ҳайдовчи билан гўёки йўловчи сифатида гаплашган “йўловчи”лар таксичига Қибрай туманидаги “Май” қишлоғига олиб бориб қўйишни сўраб, хизмат ҳақига эса 20 минг сўм ваъда қилади. Шундан сўнг, таксичи айтилган манзил томон ҳаракатланади, манзилга яқинлашиб қолганда “мижоз”лар ўзларига қулай, ҳеч ким бўлмаган жойда ҳайдовчига тўхтатишни буюради. Автомашинани йўл четига тўхтатган ҳайдовчи кутилмаган ҳамладан нима қилишини билмай қолади.
Зўравонлар уни дўппослаб, машинадан улоқтириб, ўзлари “Ласетти”ни шаҳар томон буради ва танишига тегишли бўлган гаражга олиб келади. У ерда автомашина эгасига тегишли бўлган 2500 АҚШ доллари, 2 дона уяли алоқа воситаси, автомашинанинг ҳужжатлари ва эҳтиёт қисмларини ўзлаштириб, машинани Юнусобод туман “Лайлакобод” кўчасига олиб бориб ташлайди. Биринчи ишини муваффақиятли тугатган “ишбилармон”лар машинадан ечиб олинган эҳтиёт қисмларни бозорда сотиб, чўнтагини қаппайтиради.
Қисқа муддатда жиноятчилар иккинчи марта “Олой” бозори қаршисидаги йўлга бориб такси тўхтатишади. Бу гал уларнинг олдига “Нексия” келиб тўхтайди. Ҳайдовчига эски манзил, яъни “Май” қишлоғига олиб бориб қўйиш тушунтирилиб, йўл ҳақини эса икки ҳисса тўлашини айтади. Шундан сўнг машина “Май” қишлоғи томон ҳаракатланади. Манзилга етиб борган жиноятчилар “Нексия” эгасини ҳам олдинги “Ласетти” эгасининг аҳволига солишади. Ҳар галгидек машинанинг керакли қисмлари ўзлаштирилади ҳамда пуллар ҳам эътибордан четда қолдирилмади.
Бироқ жиноятчиларнинг қилмишлари узоққа чўзилмади. Унга Қибрай туман ички ишлар бўлими томонидан нуқта қўйилди. Қора курсига олиб келинган жиноятчиларга эса суд томонидан тегишли ҳукм ўқилди. Бу ҳақда uz24.uz нашри “Инсон ва қонун” газетаси маълумотларига таяниб хабар беради.