Касби тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Чори Кўчаров Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Касби тумани ИИБ бошлиғининг фермерларга нисбатан ҳаракати, яъни семинарга деб фермерларни дала майдонига йиғгани ҳамда уларнинг орасидаги 10 дан ортиқ кишини жазирамада бир неча соатлаб автобусга қамаб қўйгани юзасидан тарқатилган видео ва матнли материаллар бўйича вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, ушбу ҳолатлар юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган эди.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасидан маълум қилинишича, хизмат текшируви якунига кўра Касби тумани ИИБ бошлиғи подполковник Ч.Кўчаровишдан бўшатилди.






