Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи арафасида жорий йилнинг 29-30 июль кунлари Минскда Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро I-Форуми ўтказилмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Форум доирасида Ўзбекистон-Беларусь Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказлари томонидан 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Сўнгги йилларда Тошкент ва Минск ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги товар айланмаси 20 фоизга ортган. Форум давомида бундай юқори кўрсаткичга эришишнинг асосий сабаби минтақалараро ҳамкорликнинг яхши йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Форум ўз ишини учта секцияга бўлинган ҳолда олиб бормоқда. Биринчи йўналиш – бу саноат кооперацияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган. Иккинчи секцияда агросаноат комплекси, озиқ-овқат саноати ва хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари масалалари муҳокама қилинмоқда. Учинчи секцияда эса иштирокчилар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги инсонпарварлик, ахборот-коммуникация ва илм-фан соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқмоқдалар.

Форум якунида икки томон минтақалари ўртасида 20 га яқин ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилади.






