Туркия борди-ю, ваъда қилинган молиявий ёрдамни тўлиқ қўлга киритмаса, Европага ноқонуний ўтиши мумкин бўлган муҳожирларга чегараларини очиб юбориши мумкинлиги билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда Ntdtv.ru нашри хабар берди.
Бу ҳақда мамлакат президенти Раджеп Тойиб Эрдоған маълум қилди. Бундан уч йил аввал Туркия ҳукумати Африка ва Яқин Шарқдан бўлган қочоқларнинг Туркия ҳудуди орқали Грецияга ва ғарбий Европага ўтишини чеклаш мақсадида ўз чегараларини ёпган эди. Туркия ўз зиммасига Греция қирғоқларига қадар етиб келган ва бошпана сўраётган ноқонуний муҳожирларни ортга қайтариш мажбуриятини олган эди. Ҳар бир ортга қайтарилган ноқонуний муҳожир эвазига эса Европа Иттифоқи Туркия ҳудудида яшаётган қонуний муҳожирларни ўз ҳудудига олиши лозим.
Шунингдек Европа Иттифоқи қочоқлар таъминоти масаласида Туркияга 6 млрд евро миқдорида ёрдам ажратиши керак эди. Ражеп Тойиб Эрдоған ҳозирда бир миллион қочоқни Сурияга қайтаришни режалаштирмоқда. Айни дамда расмий Анқара АҚШ ҳукумати билан ҳамкорликда сурия Шимолида қочоқлар учун хавфсиз ҳудудни яратиш ниятида. Туркия президенти суриялик қочоқларни жойлаштириш масаласида халқаро қўллаб-қувватлов олмаса, қочоқлар учун Европага ўтиш йўлини очиб юборишини таъкидлади. Мамлакат ҳукумати хақаро ҳамжамиятни ушбу режани амалга оширишда ёрдам беришга чақирмоқда.