Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади. Бинобарин, ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш алоҳида муҳим аҳамиятга эга.
Ватанпарварлик ёшларда фуқаролик бурчи, шахсий масъулият ҳисси, касбий маҳоратини шакллантирадиган восита бўлиб, у Ватанга ва халққа садоқатнинг олий ифодасидир. “Садоқат” тушунчасининг замирида эса тўғрисўзлик ва тўғри амаллик, ўз оиласига, Ватанига чин кўнгилдан ихлос қўйиш, унинг учун ўз ороми ва манфаатларидан воз кечиш, ўзини қурбон қилишга ҳам тайёр туриш каби маъно-мазмун ётади.
Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир”, деб таъкидлаб ўтган эдилар.
Маърифат тарқатиш йўлида эса ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу устувор вазифанинг долзарблигидан келиб чиқиб, ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти Чортоқ тиббиёт коллежида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда “Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” ҳақида сўз юритилди.
– Бугунги тадбирда биз ватанпарварлик, адолатпарварлик, содиқлик, садоқат ва одиллик тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва уларнинг аҳамияти ҳақидаги тушунчаларга эга бўлдик, – дейди ушбу коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Гуллола Юлдашева. – Уларнинг ҳар бир инсон ҳаётидаги, кундалик фаолиятидаги асосий мезони бўлиши лозимлигига яна бир бор амин бўлдик.
Айниқса, мазкур тадбир якунида ўқувчилар ўртасида ташкил этилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусидаги викторина ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Викториналар муҳокама ва ўзаро савол-жавобларда қизғин музокараларга бой булди. Ҳайъат аъзолари ўқувчиларнинг фаол иштироки ҳамда билимлари юзасидан ижобий фикр билдириб, юқори ўринларни эгаллаган жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
ИИВ Тошкент вилояти академик лицейи ўқувчилари билан ўтказилган учрашувда Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларини камол топтириш бугунги кундаги устувор вазифалардан эканлигига тўхталиб утди.
Ёшлар қалбига ва онгига Ватанга ҳурмат, унинг қадрини муқаддас деб билиш, юртимиз равнақи учун дахлдорлик туйғуси ва масъулият ҳиссини шакллантиш ва мустаҳкамлашнинг аҳамияти мисоллар орқали тушунтириб берилди.
– Бугун ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан лицейимиз ўқувчилари билан ўтказган маънавий-маърифий тадбир бизлар учун катта сабоқ бўлди, – деди
мазкур лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Жавоҳир Тўлқинов. – Бугунги кунда давлатимиз томонидан биз ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, Президентимиз томонидан биз ёшларга эътиборни кучайтириш йўлида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуси, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳақида сўз юритилди.
Айниқса, биз бўлғуси ички ишлар органлари ходимлари қандай фазилатларга эга бўлишлари, яъни адолат, одиллик, ҳалоллик, садоқат, сўз ва амал бирлиги, халққа хизмат қилиш тушунчаларининг мазмун-моҳияти ҳақида берилган тушунчалар катта таассурот қолдирди. Шундай учрашувлар тез-тез ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
– Бугун лицейимизда пойтахтимиздан келган соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган маданий-маърифий учрашув, ташкил этилган викторина менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди ИИВ Наманган академик лицейининг 2-боскич ўқувчиси Севинч Ганижонова. – Она-юрт тақдири учун биз ёшларнинг масъулияти, ўз Ватанига, касбига садоқатли бўлишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Айниқса, ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ёшлар масъулияти, айниқса ёшлар ўртасида учраётган ножўя ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка қаратилган викторина эса бизнинг билимларимизни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда тинчликнинг қадрига етиш, Ватанимиз мустақиллиги учун курашган аждодларимизнинг фаолиятини ёшларга тушунтириш, уларда “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш давр талаби бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича сайёр ўқув йиғинлари, хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлар учун ҳам алоҳида семинар-тренинглар ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишлар давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






