1

Японияликлар ўзбек миллий таомлари ҳақида китоб тайёрлашмоқда

ЖАМИЯТ 24.09.2019, 21:01
Японияликлар ўзбек миллий таомлари ҳақида китоб тайёрлашмоқда

Япониялик Мории Кана ва маҳоратли сураткаш Хироко Хирота ўзбек миллий таомлари тўғрисида китоб чоп этиш мақсадида юртимизга ташриф буюришди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.

Меҳмонлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тайёрланадиган бир-биридан мазали таомлар билан таништирилди. Ташриф давомида япониялик меҳмонлар юртимизнинг Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларида бўлиб, Ўзбекистоннинг гастрономик туризм салоҳияти билан танишиб чиқишди. Меҳмонларга Ўзбекистоннинг гастрономик туризм салоҳияти билан бирга тарихий обидалари ва моҳир ҳунармандлари томонидан яратилган миллий маҳсулотлар намойиш этилди. Мории Кана ўзбек таомлари ҳақида шундай дейди: “Ўзбекистонда тайёрланадиган таомлар ва ширинликлар турфа хил ва мазалидир. Ўзбек таомларида халқингизнинг меҳмондўст эканлиги яққол акс этади.

Шунингдек, ўзбек таомларида ишлатиладиган ҳар бир маҳсулот инсон саломатлигини яхшилашга қаратилаганлиги билан эътиборга молик. Миллий таомларингиз нафақат ўзбек халқининг ошхонаси, балки Ўзбекистоннинг юксак маданияти, урф-одати ва қадимий тарихини ҳам ўзида акс эттиради”. Унинг сўзларига кўра, китоб муаллифи Японияда жуда кўпчиликнинг қизиқишидан келиб чиққан ҳолда ўзбек миллий таомлари тўғрисида китоб тайёрлаш ҳамда япон халқини Ўзбекистон билан янада яқиндан таништиришни ўз олдига мақсад қилган. Мазкур китобнинг тақдимоти, шунингдек сураткаш Хироко Хиротанинг Ўзбекистонга бағишланган фотогалереяси келгуси йилнинг апрель ойида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ўтказилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1