1

Россияда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтмоқда

МАДАНИЯТ 02.10.2019, 11:54
Россияда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтмоқда

Шу кунларда (1-5 октябрь кунлари) Россияда (Москва ва Қозон шаҳарларида) “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистондан 30 сентябрь куни жўнаб кетган 34 нафар делегация вакиллари Москва шаҳрида ўз ижодий жараёнларини бошлаб юборишди. Тадбирларга ҳозирда Россияда истиқомат қилаётган Ўзбекистонлик киноижодкорлар ҳам ташриф буюришмоқда.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Россия Федерацияси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги Элчихонаси томонидан ўтказилаётган ушбу тадбир иккала давлат учун ҳам кино санъати соҳасидаги ҳамкорлик борасида кенг йўл очади.

Бундан ташқари кино кунларини ўтказишдан мақсад, Россияда ўзбек кинематографиясини оммалаштириш, тарихи ҳамда маданияти яқин бўлган халқлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

–Кино кунлари доирасида биз “Ўзбеккино” ва Россиянинг йирик кинокомпаниялари ўртасида қўшма кино лойиҳаларини ташкил этиш бўйича қатор меморандумлар имзолашни режалаштирмоқдамиз, турли йилларда яратилган ва айни пайтда Россиянинг “Госфильмофонд”ида сақланаётган ўзбек фильмларини қайтариш бўйича музокаралар олиб борамиз, – деди Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Мамлакатимиз учун бўлғуси кинокадрларни шакллантиришнинг муҳимлигини англаган ҳолда, Ўзбекистон делегацияси таркибига бир гуруҳ иқтидорли ёшлар ҳам киритилди. Улар учун ВГИК, Мосфильмга ташрифлардан ташқари Россия кино санъатининг кўзга кўринган усталари иштирокида маҳорат сабоқлари ва тренинглар ҳам ўтказамиз.

Россияда Ўзбек киноси кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг 2018 йил октябрь ойида бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича иқтисодиётимизнинг кўплаб соҳаларида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастурининг қабул қилинган чора-тадбирлари доирасида ўтказилмоқда.

Шундай экан, Россияда Ўзбек фильмлари ҳафталиги Россияда яшовчи рус томошабинлари ва Ўзбек диаспораси вакилларига катта экранда янги ўзбек киносини томоша қилиш, картиналар ижодкорлари билан суҳбатлашиш, ўзбек киноси тенденциялари билан танишиш имконини беради. Дастур сўнгги йиллардаги энг яхши профессионал бадиий ва ҳужжатли фильмларни ўз ичига олади.

Таниқли актёрлар: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Матёқуб Матжонов, Фотиҳ Жалолов, Ражаб Адашев, Карим Мирходиев, ёш актёрлар Адиз Ражабов, Хусан Рашидов, актриса Феруза Саидоваларнинг ушбу делегация таркибида борлиги Москвалик ўзбек киноси мухлисларини жуда қувонтирди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида таниқли кинорежиссёрлар Рустам Саъдиев, Умид Ҳамдамов, Сарвар Каримов ва бошқа ёш режиссёрлар Москвалик профессионал кинорежиссёрлар билан кино соҳасидаги алоқаларини ривожлантириш ва ҳамкорликда фильмлар олиш бўйича музокаралар олиб боришмоқда. "Ўзбеккино" МА Ахборот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1