Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Оммавий ахборот воситалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳуршид Дўстмуҳаммад раҳбарлигида ўтган йиғилишда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги бугунги аҳвол, ютуқ ва камчиликлар, журналистларнинг ҳуқуқий маданияти, бурч ва масъулияти масалалари ҳақида сўз борди.
Шунингдек, кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш, унинг медиамуҳитда ўз ўрнини эгаллаши, ОАВ ходимларининг касб этикаси меъёрларига риоя этиши билан боғлиқ масалалармуҳокама қилинди ва келгуси фаолият учунмақсад-вазифалар белгилаб олинди.
Келишилишича, кенгаш ҳар чорак якуни бўйича йиғилиб, ўтган вақт давомида ўрганилганмасалалар юзасидан ҳисобот тайёрлаб, уни уюшма муассислигидаги “Hurriyat”газетаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси сайтида эълон қилиб боради.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг шу йил 23 июлда бўлиб ўтганреспублика конференциясида Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси кодекси қабул қилинган ва айни шу конференция иштирокчилари томонидан кодекс талаблари ва меъёрлари бузилиш ҳолатларини кузатиш, таҳлил қилиш ва тегишли хулоса чиқариш мақсадида уюшма қошида Оммавий ахборот воситалари бўйича жамоатчилик кенгаши сайланган эди.
Кенгаш етти кишидан иборат бўлиб, оммавий ахборот воситаларида кўп йиллик иш тажрибасига эгатаниқли журналист ваэкспертлардан шакллантирилган.
Кодексда эътироф этилганидек, Жамоатчилик кенгаши миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (тарқатилган) материалларни журналистнинг касб этикаси меъёрлари нуқтаи назаридан ўрганади, таҳлил қилади, баҳолайди, хулоса чиқаради; журналистлик фаолияти билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ойдинлик киритилишида ёрдамлашади; кодекс меъёрларига риоя этилмаслик ҳолатлари юзасидан тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади; журналист касб этикасига тааллуқли бошқа масалаларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этади.
Таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик кенгаши қарори журналистни интизомий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликларга тортиш учун асос ҳисобланмайди, у тавсия хусусиятига эга.






