АсосийJamiyat

Марказий банк 9 ой учун валюта олди-сотдиси бўйича шарҳ берди

'Марказий банк 9 ой учун валюта олди-сотдиси бўйича шарҳ берди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ички валюта бозори тўғрисида қисқача шарх (2019 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида)ни эълон қилди.

Унга кўра, 2019 йилнинг 9 ойи давомида ички валюта бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами айланма ҳажми 24,3 мрлд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга (18,3 мрлд. долл.) нисбатан 

1,3 баробарга ошди. 

Ички валюта бозорида амалга оширилган операциялар қуйидагиларни ўз ичига олади: 

Валюта биржасининг банклараро савдо сессияларида амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларнинг ҳажми 15,5 млрд. долларни ташкил этиб, бундан жами талаб 7,7 млрд. долларга, таклиф эса 4,8 млрд. долларга тенг бўлди. 

Талаб ва таклиф ўртасидаги 2,9 млрд. доллар миқдоридаги тафовут Марказий банкнинг соф интервенциялари ҳисобига қопланиб, йил бошидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган монетар олтин ҳажми (3,0 млрд. долл.) доирасида бўлган. Бу ўз навбатида, пул-кредит сиёсатидан келиб чиқиб, иқтисодиётга қўшимча киритилган ликвидликни стерилизация қилиш имконини яратди, дея изоҳламоқда Марказий банк. 

Тижорат банклар улуши

Шунингдек, таҳлилларда биржадан ташқари валюта бозорида тижорат банклари томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами ҳажми 5,2 млрд. долларга тенг бўлгани келтирилган. Бунда тижорат банклари мижозлар-юридик шахслардан 3,0 млрд. доллар миқдорида валюта маблағлари сотиб олиб, ўз навбатида уларга 2,2 млрд. доллар миқдорида валюта маблағлари сотган. Ушбу операциялар натижасида юзага келган 0,8 млрд. доллар миқдоридаги валюта маблағлари тижорат банкларининг ўз иҳтиёрида қолиб, ички валюта бозорида қўшимча таклиф шаклланишига замин яратади. 

Ахолидан айирбошланган валюталар

Шунингдек, валюта айирбошлаш шохобчалари орқали тижорат банклари билан аҳоли ўртасида амалга оширилган валюта олди-сотди (нақд ва нақдсиз шаклда) операцияларининг жами ҳажми 3,6 млрд. долларга етган. Бунда аҳолидан сотиб олинган валюта маблағлари 2,5 млрд. долларни, аксинча уларга сотилган валюта миқдори 1,0 млрд. долларни ташкил этади. Юқоридаги каби, аҳоли билан амалга оширилган операциялар натижасида юзага келган 1,5 млрд. доллар миқдоридаги валюта маблағлари ҳам ички валюта бозорида таклиф яратди. 

Таққослаш шуни кўрсатадики, тижорат банкларининг аҳоли билан валюта олди-сотда операциялари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробарга ошди. 

Пул ўтказмалари ҳажми

Жорий йил январь-сентябрь ойлари давомида аҳоли томонидан амалга оширилган пул ўтказмалари жами айланма ҳажми эса 5,2 млрд. долларни ташкил этиб, бундан 4,5 млрд. доллар валюта маблағлари республикага халқаро пул ўтказмалар тизими орқали кириб келган бўлса, 0,8 млрд. доллар аҳоли томонидан чет эл мамлакатларига юборилган. 

Халқаро пул ўтказмалари орқали республикамизга кириб келган валюта маблағлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18% га ошди (2018 йил январь-сентябрь - 3,8 мрлд. долл.). 

Валюта курси динамикаси 

2019 йилнинг 9 ойида давомида миллий валютамизнинг чет эл валютасига нисбатан курси ички валюта бозорида мавжуд талаб ва таклифдан келиб чиқиб 13% га пасайди. Ушбу давр мобайнида валюта курсининг минимал ва максимал кўрсаткичи мос равишда 8334 сўм/долл. (январь ойида) ва 9457 (сентябрь ойида) сўм/долларни ташкил этди. 

Жорий йилнинг август ойида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида алмашув курсининг янги бозор шароитларига мослаштирилишидан сўнг сентябрь-октябрь ойларида валюта биржасида алмашув курси динамикасининг барқарорлиги кузатилиб, макроиқтисодий шароит ва омилларни инобатга олган ҳолда йил якунига қадар кескин ўзгариши кутилмаяпти.

    Бошқа янгиликлар