Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Президентнинг “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарор лойиҳасига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида “Ограник қишлоқ хўжалиги ва органик маҳсулот етиштириш” бўйича бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ташкил этилади.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фанлар академияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда органик қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган фундаментал, амалий ҳамда инновацион илмий-техник тадқиқотларни амалга ошириш бўйича лойиҳалар мавзуларини шакллантириб, доимий равишда Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этиб борилиши айтилган.
Органик агрокластер фаолиятини ташкил этиш учун қуриладиган бирламчи бино ва иншоатлар, ташқи муҳандислик инфратузилмасини қуриш хамда фаолиятини бошлаш учун зарур техника, технологик ускуна ва жиҳозлар учун маблағлар давлат-хусусий шериклик талаблари асосида молиялаштирилиши таклиф этилмоқда.
Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, жиҳоз ва материаллар 2022 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларидан озод этилади.
Мазкур қарор лойиҳаси 9 октябрдан 24 октябргача муҳокамада туради. Қизиқувчилар бўлса шу давр мобайнида ушбу https://regulation.gov.uz/uz/document/8906 ҳавола орқали таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.






