Халқ банки Шеробод филиали мижози “Темур Цемент таъминот” МЧЖ раҳбари "Озодлик" радиосига банк устидан шикоят қилиб мурожаат қилибди. Бироқ, видеомурожаат юридик асосга эга эмаслиги ва ҳақиқатдан йироқлиги аниқланди, дея хабар бермоқда банк матбуот хизмати.
Текширилишича, “Темур Цемент таъминот” МЧЖ Халқ банки Шеробод филиалига 986,0 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратилишини сўраб мурожаат қилган бўлиб, ҳужжатларни ўрганиш давомида бир қатор камчиликлар аниқланган.
Халқ банки Шеробод филиали томонидан “Бекмамат Фазлиддин” фермер хўжалигига (раҳбари Қодирова Гулшод, Темиров Бекмаматнинг турмуш ўртоғи) 2016 йил 28 октябрдаги 126-сонли кредит шартномасига асосан 500 млн. сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Ушбу ажратилган кредит бирор вақт белгиланган график асосида қайтарилмаган, сурункали равишда муддати ўтказиб ёпилганлиги туфайли қарздор салбий кредит тарихига эга мижоз сирасига киритилган.
Қолаверса, “Темур Цемент таъминот” МЧЖ Халқ банки Шеробод филиалига 986,0 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш бўйича хўжжатлари филиал кредит комиссиясининг кредит ажратилиши бўйича мажлис баёнида ижобий қарор қабул қилинмаганига қарамасдан, мижоз ҳужжатларни вилоят филиалига тақдим этган.
Қайд этиш лозимки, тақдим этилган бизнес режа мижоз томонидан имзоланмаган ва тасдиқланмаган.
2019 йил 20 сентябр кунидаги «Темур Цемент Таъминот» МЧЖ таъсисчилар йиғилиш баённомасида Улхон Бозорованинг низом жамғармасидаги улуши 100%, яъни 400 000 000 (тўрт юз миллион) сўмлиги баён этилган, аммо жамият томонидан тақдим этилган низом жамғармасида ягона таъсисчи Бекмамат Темиров экани кўрсатилган.
Жамият томонидан тақдим этилган импорт шартномаларининг баҳоси юзасидан “Ўзстандарт” агентлиги аккредитациясидан ўтган ташкилот томонидан экспертиза хулосаси берилмаган.
Шеробод туман ҳокимининг 09.09.2019 йилдаги Қ-4948-сонли ер майдонини ажратиш тўғрисидаги қарори асосида жамиятга 6 гектарли ер майдони доимий фойдаланиш учун ажратилган.
Ушбу қарорнинг 7-бандида, мазкур қарорнинг тасдиғи вилоят ҳокимидан сўралиши белгиланган бўлса-да, ҳужжатлар таркибида ушбу қарор вилоят ҳокими томонидан тасдиқланганини исботловчи ҳужжат тақдим этилмаган.
Хорижий ташкилотлар билан тузилган импорт шартномалари бўйича тўлов шакли олдиндан 30 фоиз миқдорида тўлаб бериш шартлари кўрсатилган. Бироқ, МЧЖ раҳбари томонидан тақдим этилган аризада Хитой давлатига бориб, 1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги технология ва ускуналар ва транспорт воситаларини сотиб олиш учун олдиндан ўз маблағи ҳисобидан 20 минг АҚШ доллари миқдорида гаров (аванс) берилгани кўрсатилган, лекин ушбу маблағ (20 минг АҚШ доллари) жамиятнинг ҳисоб рақамидан акс этирилмаган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ юк ташиш ва махсус техника хизматларини кўрсатишда автоуловларни сақлаш жойи ва унга хизмат кўрсатувчи алоҳида персонал бўлгандагина ушбу хизматларни кўрсатиш учун лицензия берилиши мумкинлиги қайд этилган, лекин ушбу талаблар бажарилиши бўйича маълумот берилмаган.
Жамият очилганига атиги 2 ой бўлган ва лойиҳанинг инвестицион давридаги харажатларни қоплаш учун зарурий миқдордаги пул маблағлари манбаи асосланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 27 декабрда 2546-сон билан рўйхатга олинган Низомнинг 25-бандига асосан Кредит йиғмажилдини таҳлил қилиш пайтида тижорат банки томонидан кредит шартномасининг турли жиҳатлари, қарз олувчининг кредит тарихи, унинг раҳбари обрўси (аввалги ишлаган жойлари, илгари олинган кредитларнинг ўз вақтида қайтарилгани ва бошқалар) баҳоланади деб белгилаб қўйилган. Шунга асосан мижоз кредит тарихи салбий деб топилган.
Қолаверса, МЧЖ раҳбари мурожаатида айтганганидек, хориждан келтирилган ускуна ва махсус техникалар Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимида мавжуд эмаслилиги, яъни мазкур ускуналар юртимиз ҳудудига кириб келмаганлиги аниқланган.
Кўриниб турибдики, ўзини омма олдида жабрдийда қилиб кўрсатаётган “тадбиркор” иддаолари ҳақиқатга мос келмаяпти. Унинг банкни қасддан обусизлантиришга уриниши ортидан қандай манфаат кўзлагани ҳам бизга қоронғу...






