АсосийJamiyat

Тошкентда “Инсофсиз” тадбиркорларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди

'Тошкентда “Инсофсиз” тадбиркорларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди'ning rasmi

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда, “A.B.” масъулияти чекланган жамият мансабдор шахслари ва уларнинг норасмий раҳбари «У» исмли шахс ва бошқалар, давлатга белгиланган солиқларни тўламаслик, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, бозордаги соғлом рақобат муҳитини бузиш ҳамда сохта банкротликни юзага келтириш орқали ноқонуний бойлик орттириш мақсадида ўзаро олдиндан тил бириктирганлиги аниқланган.

Ўрганишларда, улар хориждан импорт қилинган 72,9 млрд. сўмлик қурилиш материалларни нақд пулга сотиб юбориб, савдодан тушган маблағларни эса банк кассасига кирим қилмасдан бошқа эҳтиёжлар учун ишлатиб юбориб, тушумни яшириш орқали бюджетга тўланиши лозим бўлган жами 2,1 млрд. сўм ягона солиқни тўлашдан қасддан бўйин товлашганлиги маълум бўлган. 

Шунингдек, жамият мансабдор шахслари, 2017-2018 йиллар давомида 93,5 млрд. сўмлик харидоргир маҳсулотлар тушумини кирим қилмасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишганлиги фош этилган.

Жиноий режани якунига етказиш мақсадида эса “уддабуронлар” жамиятнинг пул маблағлари йўқлиги ҳамда товарлар тўловга қобилиятсизлигини қасддан юзага келтириши натижасида корхонани банкрот деб топилишига эришишганлиги ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топди.

Мазкур ҳолат юзасидан “A.B.” МЧЖ мансабдор шахслари, норасмий раҳбари «У» исмли шахс ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар