АсосийSalomatlik

Танадаги шишлар қанчалик хавфли?

'Танадаги шишлар қанчалик хавфли?'ning rasmi

“Менинг ҳеч қаерим оғримайди. Аммо баъзида оёқларим шишади. Чарчоқдан ҳам оёқ шишиши мумкинми? Бу хавфлими?”

Гулбаҳор, Янгиариқ тумани

Саҳифа эксперти: Ёркиной Тошпўлатова, терапевт

Шишлар қон ва тўқималар орасида сув алмашинуви бузилиши натижасида тўқималарда суюқлик тўпланиши оқибатидир. Умумий ва ҳудудий шишлар ўзаро фарқланади. Ҳудудий шишлар маълум соҳада ёки аъзода, юз, қовоқ ёки тиззада бўлиши мумкин. Оғир ҳолатларда умумий сув йиғилиши юзага келади. Бу инсон ҳаёти учун хавфлидир.

Сабаблари

  • Лимфа ёки вена оқими издан чиқиши
  • Камҳаракат турмуш тарзи
  • Буйрак ишидаги носозликлар
  • Юрак-қон томир тизими касалликлари
  • Веналарда тромб ҳосил бўлиши
  • Гормонлар меъёри бузилиши
  • Жигар циррози, саратони
  • Қандли диабет ва қалқонсимон без касалликлари
  • Нотўғри овқатланиш
  • Дориларни нотўғри қабул қилиш
  • Ҳомиладорлик 

Гап нимада?

Шиш сабаби юракда бўлса, шишлар катталашиб боради. Оғир ҳолатларда улар бел ва думғазагачага етади. Бунда қорин ва кўкрак бўшлиғида сув пайдо бўлиши мумкин. Бундай шишлар ҳансираш, юрак суст уриши, юрак соҳасида оғриқ, тери кўкариши, веналар бўртиб чиқиши ва жигар катталашиши билан кечади.

Семизликда

Семиз аёлларда ҳам оёқларда симметрик шиш кузатилади. Бу шишлар ҳайз олдидан, кўп ўтирганда, иссиқ сувда чўмилганда, шўр овқат еганда янада катталашади. Шишлар юмшоқ бўлади ва босганда ўзига хос из қолади.

Қалқонсимон без муаммоларида

Қалқонсимон без суст ишлаганда ҳам елка, юз ва болдир соҳасида шиш пайдо бўлади. Шиш билан бир вақтда гипотериоз белгилари: модда алмашинуви секинлашиши, депрессия, уйқусираш, соч, тирноқ ва қош тўкилиши, тишлар кўп чириши, овоз йўғонлашиши, эшитиш пасайиши ва юрак секин уриши кузатилади. Қон таҳлилида тироксин ва трийодтиронин гормонлари етишмаслиги аниқланади.

Буйрак хасталигида

Бунда шишлар тез ортиб боради. Юз шишиб, кўз кичраяди. Оғир ҳолатда бутун тана шишади. Ўпка ва қоринда сув йиғилади. Беморни ҳолсизлик, чарчоқ, терлаш, уйқусизлик, иштаҳа бўғилиши, тери қуриши ва қичиши қийнайди. Пешоб таҳлилида ва томограф, УТТ текширувида буйрак касаллиги қайд этилади.

Жигар циррозида

Бу касалликда қоринда сув тўпланиши ривожланади. Беморда томирда учрайдиган гемангиома (хавфсиз ўсма) пайдо бўлиши мумкин, терида “юлдузча”лар, кафт қизариши, талоқ катталашиши, сариқлик кузатилади. 

Аллергик шишда

Аллергик шиш ҳам тез катталашиши билан хавфли. Унда юз, лаб ва бўйин шишади. Бу ҳалқум шиллиқ қаватига тарқалса, нафас тўхтаб қолиши хавфи туғилади.    

Нима қилиш керак?

Агар сизда шиш кузатилса, асло ўз-ўзингизни даволашга уринманг. Ўзи ўтиб кетишини ҳам кутманг ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Фақат мутахассис унинг сабабини аниқлаши, аниқ ташхис қўйиши ва тўғри даво тайинлаши мумкин.

Дарвоқе...

Шишлар баъзан соғлом одамларда ҳам учрайди. Масалан иссиқда, кўп юрганда, кўп ўтирганда, кун бўйи ишлаганда. Айримларда эрталаб уйқудан уйғонганда юз шишади. Бу эса худди ҳашарот чаққанда ва лат еганда соҳа шишиши каби маъулм вақтдан кейин ўтиб кетиши мумкин. Аммо барибир соғлигингизга эътибор қаратинг.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.

 

Бошқа янгиликлар