1

Бугун Тошкентда VII Европа киноси фестивали бошланди

МАДАНИЯТ 11.10.2019, 20:57
Бугун Тошкентда VII Европа киноси фестивали бошланди

Фестивалнинг очилиш маросими ва илк кинотақдимот ЭОАВМАнинг “Медиа-холл” биносида ўтказилди. Тадбирни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуард Стипрайс ўзбек тилидаги нутқи билан очди. 

У тадбирни очар экан, фестивалда Европанинг 12 мамлакатида яратилган, турли танловлар ғолиби бўлган 10 та фильм намойиш этилиши, улар Европа ҳаётининг турли қирраларини ўзида акс эттиришини таъкидлади. 

Ундан сўнг "Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқди ва барчани қутлаб, нутқ сўзлади:

Бир ой давомида пойтахтимизда,  шунингдек Нукус, Урганч ва Жиззах шаҳарларида кино мухлислари учун  Европа киносининг энг сара намуналари намойиш қилинади.  Қайд этиш жоизки, бундай йирик маданий тадбирлар кейинги пайтларда Ўзбекистонда жуда кўп бора ўтказилмоқда. Чунки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари  билан Ўзбекистон бугун бутун  дунёга ўз эшикларини очди. Жаҳон бугун Ўзбекистонни қайта кашф этмоқда. Қолаверса,  ҳамюртларимиз ҳам  дунёни  чуқур англаб бормоқда.  Ўйлайманки, бугун бошланаётган кино анжумани жаҳон маданиятини  халқимизга яқиндан таништириш йўлидаги яна бир қадам бўлади. 

Бу ҳамкорликни бундан кейин ҳам давом эттириш ниятидамиз. Келгусида  нафақат Ўзбекистонда Европа киноси кунларини ўтказиш, балки Европа мамлакатларида  ҳам ўзбек киносини танитиш бўйича ҳам алоҳида ишларни олиб боришимиз зарур. 

Чунки ўзбек киноси орқали европалик томошабинлар  Ватанимиз  тарихи,  халқимиз турмуш тарзи,  бой маданий меросимиз, қолаверса бугунги, янги Ўзбекистон   билан янада чуқурроқ танишиш имконига эга бўладилар. Бу эса нафақат дўстона  алоқаларни мустахкамлаш,   балки туризм салоҳиятини ривожлантиришга  ҳам катта ҳисса бўлиб қўшилади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1