1

Баҳодир Йўлдошев: “Гулбаҳорнинг актриса сифатидаги бахтсизлиги — менинг рафиқам эканлигида”

МАДАНИЯТ 14.10.2019, 12:35
Баҳодир Йўлдошев: “Гулбаҳорнинг актриса сифатидаги бахтсизлиги — менинг рафиқам эканлигида”

Киношунос Шоира Рауфбоева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали “Қўқон шамоли” бадиий фильмининг навбатдаги постерини хавола қилар экан, ушбу фильмда кинодаги энг сўнгги ва ёрқин ролини ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошевани хотирлади.

“Айтишадики, буюк санъаткорлар ўзининг ер юзидаги ишларини чала ташлаб кетмас экан. Бунга шахсан ўзимда ҳам бир нечта санъаткорлар тақдири мисолида кўриб-гувоҳ бўлган воқеалар бор... 

Гулбаҳор Йўлдошева ана шундай бутун санъаткордардан бири эди... У ҳақда турмуш ўртоғи , Ўзбекистон Давлат санъат арбоби , режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг берган баҳоси энг ҳаққоний деб биламан. У Гулбаҳор опанинг ижодига баҳо берар экан, “Гулбаҳордай актриса ҳозирги даврда юртимизда балки иккитадир,балки битта. Битта бўлса у, иккита бўлса биттаси у. Фақат унинг актриса сифатидаги бахтсизлиги — менинг рафиқам эканлигида” — деган эди. 

Ҳақиқаттан ҳам, Гулбаҳор опа ўзининг ҳаётдаги ва ижоддаги ўрнини жуда яхши билар ва ундан ташқари кимнинг рафиқаси эканлигини ҳам яхши англар эди. Актриса сифатида ўзига ҳар нарсани, ҳар бир ролни ҳам раво кўравермас, жуда талабчан санъаткор эди. Гулбаҳор опа “Қўқон шамоли” бадиий фильмига таклиф қилишганда, таклифни бажону-дил қабул қилди. Соғлиғи панд бераётган бўлсада, ижодий гуруҳни ташлаб кетмади. Даволаниш учун Ҳиндистонга йўл олар экан, балки айнан шу фильм учун, битмай қолган иши учун қайтиб келгандир деб ўйлайман. Шу ўринда “опа тузалиб қайтади, мен нима бўлса ҳам у кишини кутаман” — деб , “актрисани алмаштирарсиз” — деган таклифларни рад этиб, Гулбаҳор опанинг қайтишига катта умид билдирган режиссёр Дилмурод Масаидовдан миннатдор бўламан. Гулбаҳор опа “Қўқон шамоли”да ролини шундай ижро этганки... Унинг премъерада бўлмаслигини, бу ролни экранда ҳеч қачон ўзи кўра олмаслигини ўйлашнинг ўзиёқ қаттиқ оғриқ беради кўнгилга. Фильмнинг ёпиқ намойишида мен билан ёнма-ён ўтирган кинорежиссёр Қамар Камалова “шундай актрисанинг қадрига етмабмиз... у қанча ёрқин, характерли роллар ўйнаши, образлар яратиши мумкин эдия” — деб чеккан афсусларига гувоҳ бўлдим. Энди эса чорасиз имконни фақат бир нарса овутади... У ҳам бўлса, ҳеч бўлмаса “Қўқон шамоли”даги Мингойим борку ўзбек киносида..Гулбаҳор Йўлдошева шу роли билан ўзбек киномухлислари хотирасида қолади... Асосийси шу...”, — дея фикрларни якунлайди Шоира Рауфбоева.

Фильмда Гулбаҳор Йўлдошева Амир Умархоннинг волидаи муҳтарамаси Мингойим қиёфасида гавдаланган. "Қўқон шамоли" бадиий фильми 15 ноябрдан юртимиз кинотеатрларида тақдим этилади.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1