Муносабат ток-шоусининг бу галги сони Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси фаолиятига бағишланди ва унда “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш соғлом рақобатга таъсир қиладими?” саволи остида соҳага оид камчиликлар очиқ-ойдин билдирилди.
Дарҳақиқат, мазкур номдор ташкилот фаолияти билан яқиндан таниш эмасмиз. Бир қарашда юртимизда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали соғлом рақобатни йўлга қўйиш борасида мақтанарли фаолиятни кузатмаймиз ҳам. Кўрсатувда иштирок этган блогер Обиджон Латипов бу борадаги савол ва тақидларни қўмита масъул ходимларига рўй-рост билдирди. Хусусан, блогер “Ўзавтосаноат”ни танқид қилиб, узоқ муддатдан бери бозорда якка ҳукмронлигини, нархи халқаро бозордан юқори, сифати эса жуда пастлигини гапирди. Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни ҳам мисол қилиб келтириб, ундаги нархнинг осмонда эканлиги кундек равшан, деди. Бундай ҳолатда эса қўмитанинг асосий вазифаси монопол ташкилотларни қўллаб-қувватлаш эмас, соғлом рақобатни йўлга қўйиш, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган тадбиркорларга ҳар қандай дуч келадиган муаммосини ечишда ёрдам беришдир.
Блогернинг фикрича, монопол ташкилотлар бугун қисқа муддат давлатга солиқлар нуқтаи назаридан фойдаси тегар, аммо улар белгилаган нархлар аҳоли турмуш даражасини жуда ҳам пасайиб кетишига олиб келади.
Мазкур очиқ-ойдин суҳбатда экпертларнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда яқин орада “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га рақобатчи янги компаниялар иш бошлайди.






