АсосийJamiyat

Яна ҳайдовчи билан тортишувда инспектор ноҳақ бўлиб чиқди

'Яна ҳайдовчи билан тортишувда инспектор ноҳақ бўлиб чиқди'ning rasmi

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Траспорт вазирлиги инспектори томонидан хизмат вазифасини бажариш вақтида ўз ваколатини суистеъмол қилганлиги акс этган видеотасвирлар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузилиб хизмат текшируви ўтказилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

 Ўрганишлар давомида шу нарса маълум бўлдики жорий йилнинг 7 октябрь куни Тошкент шаҳар, Бектемир тумани ТХАЙ кўчасида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахсларни аниқлашга қаратилган қўшма рейд тадбири давомида ЙПХ нозири томонидан давлат рақами 40 Н 958 RA бўлган “Ласетти” русумли транспорт воситаси тўҳтатилган, Тошкент шаҳар транспорт бошқармасининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими 1-тоифали инспектори А.Хошимов транспорт воситасида Фарғона вилоятига кетаётган йўловчилар билан олиб борган суҳбати давомида, йўловчи талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатмай, аксинча йўловчидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишини талаб қилиб, қўпол тарзда йўловчини сўроққа тортган ва транспорт воситасидан чиқишни талаб қилган. Ушбу ҳаракати билан инспектор А.Хошимов ўз ваколатини суистеъмол қилган. 

Ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳар транспорт бошқармасида ўтказилган тадбирда инспекторлар биринчи навбатда йўловчи ташиш фаолияти қонунийлигини, хавфсизлигини таъминлаши ҳамда йўловчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши лозимлиги таъкидланиб, юқоридаги каби аҳлоқсиз ҳолатларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси инспекторлари билан ўтказилган профилактик тадбирда иштирокчиларга қўшма рейд тадбирларини амалдаги Ўзбекистон Республикаси Қонун ва Қонун ости ҳужжатлари ҳамда бошқарма низоми асосида сифатли ва холисона ўтказилиши, ҳаракат иштирокчилари билан муомала маданиятини сақлаган ҳолда мулоқот қилиниши лозимлиги таъкидланди. Инспекторлар томонидан ўз ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, муомала маданияти бўйича мунтазам равишда йўриқномалар ўтказилиши юзасидан бошқарма раҳбариятига топшириқ берилди. 

Шунингдек, инспекторларга қўшма рейд тадбирлари давомида ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, ҳушмуомала бўлиши, уларга ҳурмат билан мурожаат этиши, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилишлари, ҳар қандай коррупцион ҳолатларга йўл қўймасликлари бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Юқорида рўй берган ҳолат юзасидан 1-тоифали инспектор А.Хошимовга нисбатан “хайфсан” эълон қилинган.

    Бошқа янгиликлар