АсосийJamiyat

Ойлик йўл чипталарини сохталаштирганлик ҳолатлари аниқланмоқда

'Ойлик йўл чипталарини сохталаштирганлик ҳолатлари аниқланмоқда'ning rasmi

Аҳолига имтиёзли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан 8 турдаги ойлик йўл чипталари жорий этилган. Ушбу турдаги чипталарнинг арзонлиги аҳоли учун энг асосий қулайликдир.

Ойлик йўл чипталарининг талабалар учун мўлжалланган серияларига талаб юқорилиги изоҳсиз ҳам барчага тушунарли. Шуни инобатга олган ҳолда жамият томонидан ўтган йиллар ва ойларда талабдан ташқари қўшимча равишда ҳам ойлик чипталарни савдога чиқариб келинган. Аксарият ҳолларда савдога чиққан чипталарнинг ҳаммаси ҳам сотилмаган. 

Бироқ, жорий йилнинг октябрь ойи учун мўлжалланган ойлик йўл чипталари сотувга чиққанда талабалар учун мўлжалланган “Т” ҳамда “ТМ” серияли чипталар дарҳол сотилиб кетган. Ҳатто бу сериядаги чипталарни қайта-қайта сўраб келувчилар сони кўпайган.

Дастлабки таҳлилларга кўра олий таълим муассасаларида ўқишга қабул қилиш квоталарининг оширилгани, шу тарзда талабалар сони кескин ортганлиги ойлик йўл чипталарига ҳам талабни кўпайишига сабаб бўлган.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ нинг маъмурият назорати гуруҳлари томонидан автобус йўналишларида ўтказилаётган ўрганишларда талабалар ўртасида ойлик йўл чипталарига талаб ортишига яна бир қатор омиллар сабаб бўлаётгани маълум бўлди. Хусусан, талабаликни тасдиқловчи ҳужжатларни сохталаштириш эвазига ойлик чиптадан фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Яъни, ҳеч қаерда таълим олмаса-да, талабалик гувоҳномасини бирор таълим муассасасидан қўлга киритганлик ёки бундай расмий ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштирмаганлик, ойлик йўл чипталарини сохталаштирганлик ҳолатлари аниқланмоқда.

Афсуски, бундай йўловчиларга чора кўриш ёки жаримага тортиш қонунан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ваколатига кирмайди. 

Шу боис ҳам мутасадди ташкилотлардан ушбу масалада назоратни кучайтириб, тегишли чоралар кўришларини истардик. Қолаверса, пойтахтимиздаги барча таълим муассасалари мутасаддиларидан бундай сохта ҳужжатлар тайёрланишига йўл қўймасликларини сўраб қолардик.

“Зеро, жамоат транспортига бу тарзда зарар етказиш аввало, хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатишини, қолаверса, жамоатчилик ўртасидаги турли тушунмовчиликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз лозим.

Ўз ҳақ-ҳуқуқларини билган азиз йўловчиларимиз мажбуриятларини ҳам унутмасалар мақсадга мувофиқ бўлар эди” деб ёзади “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар