Тошкент давлат стоматология институти Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси билан қўшма факультет ташкил этиш бўйича шартнома имзолади, дея хабар беради Тошкент давлат стоматология институти матбуот хизмати.
Мазкур факультет 2020–2021 ўқув йилидан Жанубий Қозоғистон тиббиёт академиясида ўз фаолиятини бошлайди ва таълим жараёни кредит – модуль тизими асосида амалга оширилади.
Ўтган қисқа давр мобайнида Тошкент давлат стоматология институти томонидан ҳам хорижий мамлакатларнинг элликка яқин нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.Ушбу ҳамкорлик дастурлари натижасида 2018/2019 ўқув йилидан Италиянинг Турин университети билан “Биотиббий муҳандислик” ва Москва давлат тиббиёт стоматология университети билан ҳамкорликда “Стоматология” факультетлари ташкил этилди.
Жорий йилдан эса Оренбург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда “клиник-психология” йўналишида, шунингдек, Украинанинг Горбачевский номидаги Тернополь миллий тиббиёт университети билан “Олий ҳамширалик иши”, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети билан “Даволаш иши” йўналишлари жорий этилди.
Мазкур институтнинг Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси билан ҳамкорлиги эса тиббий таълимни янада ривожлантириш, тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, жаҳон тиббиёти ва илм-фани олдида турган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда яна бир муҳим қадам бўлди.
Келгусида ушбу ҳамкорлик шартномаси доирасида Тошкент давлат стоматология институти педагоглари мунтазам равишда Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси педагоглари учун маҳорат дарсларини ва ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича услубий ёрдам беришлари, маъруза ва семинар машғулотларини ўтказишга кўмаклашиш, шунингдек, талабаларнинг ҳам ўқув-илмий дастурларда иштирок этиши кўзда тутилган.






