Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 17 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.




Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 30 апрель – 1 май кунлари вилоятга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишди. Вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди.



Президентимизнинг бу сафарги ташрифи ҳам вилоятда кўплаб замонавий лойиҳаларни жорий этишга кенг йўл очиб, воҳани иқтисодий-ижтимоий юксалтиришнинг истиқболли янги йўналишларини белгилаб беради. Вилоят аҳолисининг фаровон ҳаётга иштиёқини, обод ва осуда турмушга интилишини кучайтириб, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлайди.






