Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти “Кимё” кафедраси катта ўқитувчиси Жасур Фармонов ноанъанавий мойли хом ашёлардан фойдаланиб функционал ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясини яратди. Бу ҳақда “Nasafnews”га Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти матбуот котиби Зебунисо Назирова хабар берди.

Маълум қилинишича, Европа аҳолиси аллақачон тарвуз мойини истеъмол қилишни бошлаган.Мамлакатимиздаги катта-катта супермаркетлар расталарида тарвуз мойи учраб туради. Лекин унинг нархи доимий истеъмол учун анчайин қимматлик қилади.
Яқин олти ой ичида бу муаммо барҳам топиши мумкин. Технология ишга тушиши билан нафақат тарвуз, балки барча полиз экинлари, мевалар данаклари, кунжут, седана каби экинлардан ҳам мой олина бошланади.
-Бу технология янгилик эмас, лекин айни пайтда фаолият олиб бораётган технологияларнинг мукаммаллашган намунасидир, – дейди лойиҳа муаллифи Ж.Фармонов. – Бугунги кунда амалдаги технологиялар билан 100 килограмм маҳсулотдан 40 килоргаммгача бирламчи хом-ашё ажратилиб, ундан бор-йўғи 12 литргача мой олинади ва у асосан фамацевтика саноати учун йўналтирилади. Ҳозирда биз ўзимизнинг технология ёрдамида озиқ-овқат саноати ва инсон истеъмоли учун яроқли бўлган мой маҳсулотларини яна 10 фоизгача кўпроқ олишни мўлжаллаганмиз.
Жорий йил октябрь ойининг дастлабки кунларида институт профессор-ўқитувчилари Бухоро вилоятида бўлиб, Бухоро муҳандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари билан лойиҳа устида яна бир бор иш олиб боришди. Лаборатория шароитида технология имкониятлари яна қайтадан синовдан ўтказилди. Лойиҳа кундалик ҳаётимизда қўлланила бошлаши билан, янги иш ўринлари яратилади, маҳаллий аҳоли учун арзон ва сифатли мой ишлаб чиқарила бошланади.






