Янги ўқув йили бошланиши билан мактаб таълимига оид бир қатор муаммолар қайта кўтарила бошлади.
Хусусан, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали мактаблардаги мажбурий обуна бўйича кўплаб саволлар берилмоқда.
2018 йилнинг 14 август куни “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг (ПҚ-3907) 16-бандида ўқитувчиларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқланган.
Шу билан бирга, иш ҳақидан фақатгина ходимнинг ёзма аризасига асосан ушлаб қолиниши мумкин. Иш ҳақи фақатгина қонунда кўрсатилган ҳоллардагина (солиқлар ундириш, суд қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш ва шу каби ҳолатлар) ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиниши мумкин.
Бошқа ҳолларда масалан, обуна, коммунал тўловлар ва бошқа масалалар бўйича ходимнинг ёзма розилигисиз унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонунийдир.
Юқоридагиларни инобатга олиб, халқ таълими тизимидаги педагоглар ва ўқувчи-ёшлар ўз хоҳишига кўра юртимизда чоп этиладиган исталган ижтимоий-сиёсий, бадиий, маърифий ёки интеллектуал газета ва журналларга ихтиёрий обуна бўлишлари мумкинлиги маълум қилинмода.






