Илгарироқ Тошкент шаҳар ИИББ Миробод туманидаги кўчалардан бирида ҳайдовчи томонидан қолдирилган “Спарк” автомобилини олиб қочганликда гумонланувчи шахсни қидирувида фуқаролардан кўмак сўраган эди.
Эслатиб ўтамиз, 13-август куни соат 20.30 да 102 рақамига 35 ёшли Жамшид А. қўнғироқ қилиб, номаълум шахс унинг “Спарк” автомобилини олиб қочганлигини маълум қилди. Автомобиль Миробод тумани Т. Шевченко кўчасида жойлашган Темир йўл бошқармаси ёнида қолдирилган эди. Ҳайдовчи калитни ўт олдиргичда, эшикни эса очиқ қолдирган бўлган. Автомобиль йўқолгани факти асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Машина олиб қочилган ҳудудда ўрнатилган видеокамераларга олиб қочилган вақт ва олиб қочган шахснинг юзи тушиб қолган эди. Гумонланувчини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилгач, автомобиль техник соз ҳолатда 14 август куни Учтепа тумани Юсуф Саккокий кўчасида топилди.
Хабарга кўра, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчининг шахси аниқланиб, у 28 ёшли қашқадарёлик Шерзод Ж. эканлиги маълум бўлди. Гумонланувчи қўлга олиниб, тергов тадбирларини олиб бориш учун пойтахтга олиб келинди.






