АсосийJamiyat

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири АҚШ савдо вазири билан учрашди

'Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири АҚШ савдо вазири билан учрашди'ning rasmi

Вашингтонда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умрзоқов ҳамда АҚШ савдо вазири У.Росс ўртасида учрашув ўтказилди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро савдонинг ҳозирги ҳолати ҳамда савдо айланмаси ҳажмини оширишнинг истиқболли механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Бу борада инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик йўлида тўсиқларни бартараф этиш ҳамда мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш учун идоралараро даражадаги доимий алоқаларнинг зарурлиги эътироф этилди.

Мулоқот чоғида ўзбек томони умумий қиймати 1,5 миллиард долларга тенг 60 номдаги товар номенклатураси бўйича Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти ҳажмини ошириш орқали ўзаро савдони жадаллаштириш таклифини билдирди.

Бу таклиф ижобий баҳоланиб, ўрганиш учун қабул қилинди. Келгусида савдо келишувлари ва шартномаларини ишлаб чиқиш учун ҳажми кўрсатилган ҳолда экспортга мўлжалланган маҳсулотлар рўйхати АҚШ савдо вазирлиги раҳбариятига топширилди.

Америкалик ҳамкасблар таклиф этилган товарлар савдоси бўйича Америка бозорининг эҳтиёжини пухта ўрганиш ҳамда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Америка бозорига чиқишига кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини билдиришди.

Учрашув доирасида шунингдек, ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирлар иштирокида “С5+1” форматида вазирлар даражасидаги давлатлараро алоқалар платформасини ташкил этиш орқали АҚШ ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш таклиф этилди. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришини Америка томонининг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ масалалар алоҳида муҳокама этилди.

Учрашув якуни бўйича ўзаро савдони жадаллаштириш ва масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича доимий биргаликда ишлашни таъминлаш мақсадида АҚШ савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг юқори даражадаги экспертларидан ташкил топган идоралараро ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

    Бошқа янгиликлар