АсосийЖАМИЯТ

Бош прокуратура “Ўзбек тили байрами куни”ни ўзгача нишонлади

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлгани ва Ўзбекистон Республикаси През...

'Бош прокуратура  “Ўзбек тили байрами куни”ни ўзгача нишонлади'ning rasmi

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлгани ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинганлиги муносабати билан Бош прокуратурада байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда прокуратура ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, ҳудудий прокуратуралар видеоселектор орқали иштирок этди.

Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев тадбирни кириш сўзи билан очиб, байрам муносабати билан барчани табриклади. Шунингдек, у прокуратура органлари томонидан “Давлат тили тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг давлат тили билан боғлиқ талабларига риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтириши лозимлиги, айниқса Президентимиз томонидан юқоридаги фармон ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиши шартлигини таъкидлади.

Тадбирда навоийшунос олим, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бўлими бошлиғи О.Давлатов сўзга чиқиб, ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг нуфузи нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам юксалиб, жаҳонда ўзбек тилини, бу орқали миллий маданиятимиз ва урф-одатларимизни ўрганишга қизиқиш ортиб бораётганлигини гапирди. 

Бундан ташқари, тадбир давомида прокуратура ходимлари учун китоб ярмаркаси ташкил этилиб, ярмаркада “Ўзбекистон” ва “Шарқ” нашриётлари ҳамда “Ўздавкитобсавдотаъминоти” корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг асарлари тўплами, диний-маърифий, бадиий, илмий-оммапоб адабиётлари, жаҳон адабиётлари, болалар учун китоблари билан иштирок этди.

    Бошқа янгиликлар