Халқ таълими муассасаларида таълим сифатини ошириш бўйича «Тошкент тажрибаси»ни жорий этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Унга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- Тошкент шаҳридаги барча олий ўқув юртларининг информатика ва ахборот технологиялари, педагогика ва психология ҳамда умумтаълим фанлари (математика, физика, химия, биология ва ўзбек тили каби) кафедраларини умумий ўрта таълим мактабларига (кейинги ўринларда «умумтаълим муассасалари» деб юритилади) бириктирсин ва кафедранинг профессор-ўқитувчилари томонидан мактаб педагоглари учун ҳафтада камида бир маротаба маҳорат дарсларини ўтиш тизимини;
- Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган 3 минг нафарга яқин инглиз тили ўқитувчиларининг барчасини бир йил муддатда C1-CEFR даражасига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий таълим муассасаларининг хорижий тиллар кафедралари биттадан мактабни оталиққа олиб, режа асосида амалий семинарлар, тренинглар, «очиқ дарс»лар, маҳорат дарсларини ташкил этишни йўлга қўяди.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидаги реклама стендлари, жамоат транспорти ва бекатларда ижтимоий рекламалар жойлаштириш жадвалини ишлаб чиқади;
- Тошкент шаҳар жамоат йўл транспортларида ҳаракатланиш учун педагогларга имтиёзли «Ўқитувчи» ойлик йўл чипталарини жорий этади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳар умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш, ошхона ва буфетларни ижарага бериш, танловларни ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.
Бунда давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдоларни E-ijro auksion электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Халқ таълими вазирлигининг 2021 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги туман халқ таълими бўлимлари қошида ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган юридик шахс мақомисиз STEAM лаборатория марказларини босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисида таклиф берилган.






