Давлат Статистика қўмитаси Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулотнинг шаклланишида вилоятлар улушини маълум қилди. Унга кўра,
Республика бўйича Тошкент шаҳри 14,0 фоиз улуш билан энг катта ҳисса қўшди. Тошкент вилояти 10,1 фоиз ва Самарқанд вилояти 7,6 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларни эгаллаб турибди.
Республика ЯИМни шакллантиришда энг кам улуш Сирдарё (2,1 фоиз), Жиззах (2,9 фоиз), Хоразм вилоятларига (3,7 фоиз) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига (3,5 фоиз) тўғри келмоқда.
2019 йил январь–сентябрь ойлари якунлари бўйича Тошкент шаҳри (8,2 фоиз), Тошкент (7,3), Наманган (7,2 фоиз), Андижон (6,9 фоиз), Хоразм (6,6 фоиз) ва Фарғона (6,1 фоиз) вилоятларида юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Республика даражасига (5,7 фоиз) нисбатан паст ўсиш суръатлари Қашқадарё (2,8 фоиз), Сирдарё (3,8 фоиз) ва Навоий (4,0 фоиз) вилоятларида кузатилди.
2019 йил январь–сентябрь ойларида кичик бизнеснинг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 57,2 фоизни ташкил этди. Ҳудудларда кичик бизнеснинг энг катта улуши Жиззах (ҳудудда яратилган ялпи қўшилган қиймат умумий ҳажмининг 83,1 фоизи), Сурхондарё (79,8 фоиз) ва Наманган (79,3 фоиз) вилоятларида кузатилди. Кичик бизнеснинг энг кам улуши Навоий вилояти (31,3 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (53,4 фоиз) ва Тошкент вилоятида (53,6 фоиз) қайд этилди.