АсосийJamiyat

Владивостокда 3 нафар бухоролик ёниб кетди, яна бир бола эса...

'Владивостокда 3 нафар бухоролик ёниб кетди, яна бир бола эса...'ning rasmi

2019-йил 24-октябр куни Владивосток шаҳрида содир бўлган ёнғин оқибатида Бухоро вилоятидан келган 3 нафар Ўзбекистон фуқароси О.Ж., К.Т. ва Ж.Б. вафот этди. Бу ҳақида ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хабар қилди.

Консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинганидан сўнг 26-октябр куни ҳамюртларимизнинг жасадлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Владивосток-Тошкент йўналишидаги рейси билан ватанга юборилди.

Шунингдек, 27-октябр куни Владивосток шаҳри болалар касалхонасида соғлиги ҳолатининг ёмонлашгани сабабли Ўзбекистон фуқароси И.Б. вафот этди.

Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олди ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси билан биргаликда марҳуманинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ҳамда эслатиб ўтадики, Россиянинг Узоқшарқий федерал округи (Амур вилояти, Камчатка ўлкаси, Магадан вилояти, Приморе ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин вилояти, Яҳудий автоном вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.

    Бошқа янгиликлар