Бизнес юритиш учун муҳит йилдан-йилга яхшиланиб, солиқ юки ҳам кескин пасайтирилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим “уддабурон” фуқаролар қонунларни четлаб, ҳужжатсиз фаолият юритишни, бу орқали белгиланган меъёрдаги солиқларни тўлашдан қочишга уринмоқдалар.
Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан жорий йилнинг 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони билан келишган ҳолда “Шинам қурилиш жиҳозлари” савдо мажмуасидаги “М. Н.Қ” масъулияти чекланган жамиятининг 156-157-дўконида қисқа муддатли текширув ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси тузилди, дея хабар беради Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.
Дарвоқе, ушбу жамиятга қарашли дўкондан харидорлар ўзи хоҳлаган турдаги сифатли, бежирим қандил ҳамда ёритиш жиҳозларини сотиб олишлари мумкин. Шу боис мижозлари ҳам кўп. Аммо “бренд”га айланган ушбу дўкон номидан иш юритувчи сохта тадбиркорлар ҳам йўқ эмаслиги назорат тадбирида маълум бўлди.
Мажмуанинг 53-54 ҳамда 95-дўконида шундай жиҳозлар билан савдо қилувчи Фарход Умаров (мақолада исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ва Мухтор Нуралиевлардан ҳужжатлар сўралганида, “М. Н. Қ” жамиятига қарашли эканликларини айтишиб, солиқ ходимларини чалғитишмоқчи бўлишди.
"Бизнес-омбудсман"нинг рухсати билан ушбу дўконлар текширувдан ўтказилганида, иккови ҳам ҳеч қандай ҳужжатларсиз тадбиркорлик билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Боз устига “М. Н. Қ” раҳбарияти ҳам Фарход Умаров ва Мухтор Нуралиевнинг жамиятга умуман алоқаси йўқлигини тасдиқлади.
Шунга асосан, давлат рўйхатидан ўтмасдан, ўзича ишбилармонга айланиб олган Фарход Умаровнинг 8 хил турдаги 40 миллион 821 минг сўмлик қандил ва ёритиш жиҳозлари ашёвий далил сифатида олинди.
Солиқ ходимларини чалғитишга уринган яна бир “уддабурон” Мухтор Нуралиевнинг савдога қўйган 28 турдаги 34 миллион 457 минг сўмлик қандил ва хўжалик моллари сотилишига чек қўйилди.






