АсосийJamiyat

«Шарғункўмир» ходимларига тазйиқ ўтказилаётгани билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритилди

'«Шарғункўмир» ходимларига тазйиқ ўтказилаётгани билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритилди'ning rasmi

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг (ПҚ-3380-сон) қарорига мувофиқ 2017 йилда «Шарғункўмир»АЖ «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига берилган. Шу кунларда бир қатор электрон оммавий ахборот воситаларида мазкур корхона фаолиятини қораловчи ахборот тарқатилмоқда. Хусусан, хабар берилишича корхона ходимларига нисбатан тазйиқ ва босим ўтказилмоқда.

Ушбу хабарларнинг бирламчи манбаи “Озодлик” нашридир. Таъкидлаш жоиз, 2015 йилдан буён мазкур корхонада меҳнат қилган С.Р. Сафаров (Сурхондарё вилоятида туғилган) ходимлар орасида турли хил тартибсизликларнинг асосий сабабчиси ҳисобланаиб, ноқонуний олдиндан (кейинчалик маълум бўлган) режалаштирилган иш ташлашда, электрон оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган видеоёзувларида у бир неча бор тўғридан-тўғри «Озодлик»га мурожаат қилди ва «Мана, ҳурматли Озодлик радиоси, кўринглар!» дея мурожаат қилди.  

Бу сафар, бузғунчи ғоя билан яна худди шу Интернет манбага мурожаат қилиш орақли чиқиш қилиб, у ва унинг оила аъзоларига «Шарғункўмир»АЖ раҳбарияти томонидан босим ўтказаётгани ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатди. Шуни таъкидлаш керакки, Сафаров С. Р., унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва турли асоссиз гаплар туфайли бир неча бор маъмурий жазога тортилган. Бугунги кунда у мазкур кўмир корхонасида фаолияти юритмайди. 

Маълумки, Шарғун республикамиздаги энг йирик кўмир захираси ҳисобланади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг ҳажми 33 миллион тоннадан ортиқ хом-ашё ҳисобланади. Бу ерда бугун қарийиб 500 киши меҳнат қилмоқда. Улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида жорий йилнинг ўзида корхонада бир қатор жорий ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Саломат Аннаева, «Шарғункўмир» АЖнинг кон-кон ишлари бўйича етакчи муҳандиси”:

- Корхонамизда иш ҳақи ўртача ҳисобда 60% га ошди. Ойлик маоши ўз вақтида берилади. Бундан ташқари, биз каби зарарли ишлаб чиқаришда ишловчи ходимлари учун мунтазам сут маҳсулотлари берилади. Ювиниш хонаси, овқатланиш (ошхона) хонаси таъмирланди. Кўмир саноати ишчилари учун чиндан ҳам яхши шароитлар яратилган десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, «Обод шаҳар» дастурини амалга ошириш доирасида «Ўзбекистон темир йўллари»АЖ ҳам шаҳарни ободонлаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Маълумки, жорий йилнинг 30 апрель ва 1 май кунлари Президентимизнинг Сурхондарё вилояти Сариосиё туманига ташрифи чоғида Шарғун шаҳри қиёфасини тубдан ўзгартириш ва маҳаллий аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шаҳар марказида барпо этилган ва обод қилинган Кўмирчилар ҳиёбони темирйўлчилардан кончиларга муносиб совға бўлди. 

Баҳодир Хурсанов, «Шарғункўмир» АЖ бош технологи:

- Ўтган қисқа даврда бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди ва шаҳар янги қиёфа касб этди. Бу жуда қувонарли албатта, лекин биз учун корхонамизда ҳам қандай шароитлар яратилгани муҳим аҳамиятга эга. Соҳада фаолият самарадорлигини ошириш учун малакали мутахассислар жалб этилмоқда. Чет элда ёш кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда. Қазиб олинган кўмир маҳсулотларидан тежамли фойдаланиш ва унинг талон-тарожлигига йўл қўймаслик мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари»АЖ ҳузуридаги ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси томонидан доимий назорат олиб борилмоқда. Жойларда махсус видеокузатув ташкил этилган.

Маълумот учун, бугунги кунда Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Германия, Россия, Украина каби кўмир қазиб олиш бўйича етакчи мамлакатлар ҳисобланади. Тармоқни модернизация қилиш, техник жараёнларни реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар яқин келажакда Ўзбекистон ушбу мамлакатлар орасида ҳақли равишда муносиб ўрин эгаллаши учун шароит яратмоқда. Соҳа мутахассислари нафақат мамлакатнинг ушбу хом-ашёга бўлган эҳтиёжини қондириш, балки бутун давлатнинг экспорт салоҳиятини ҳам оширишни мақсад қилган, деб ёзади Ахборот-таҳлилий медиа маркази.

 

    Бошқа янгиликлар